Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

“Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти томонидан илк маҳсулот ишлаб чиқарилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан байрам табриги

// 19 avgust 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (468.96 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти мамлакатимиз кимё саноатининг етакчи корхоналаридан бири “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти томонидан илк маҳсулот ишлаб чиқарилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан муборакбод этади.

Ўтган қисқа даврда ишчи ва мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида ривожланган ижтимоий инфратузилмани ўзида мужассам этган, нафақат юртимиз, балки чет элда ҳам ўз ўрнига эга бўлган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси қад ростлади. “Тепақўтон” калийли тузлар кони негизида ишга туширилган “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти нафақат ушбу туман, балки мамлакатимиз саноатида ҳам муҳим воқелик бўлди ва янги иш ўринлари яратилди.

“Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг тоғ-кон мажмуаси қурилиши 2008 йилда “Тепақўтон” калий тузлари конини очиш ва тайёрлаш ишларидан бошланган бўлиб, дастлаб кон ишларини олиб бориш учун №1 ва №2 қия стволлар очилган. Сўнгра руда қазиб чиқариш ишларини амалга ошириш учун панеллар тайёрланган ва панелли қазиб олиш тизими йўлга қўйилган.

2010 йил апрель-май ойларидан бошлаб “Тепақўтон” калийли тузлар конида сильвинит рудасини шахта усулида қазиб чиқариш амалга ошириб келинмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, тоғ-кон мажмуаси сильвинит рудасини қазиб олиш бўйича Марказий Осиёдаги энг тез ишга туширилган шахта ҳисобланади. Ҳозирги кунда тоғ-кон мажмуасида сильвинит рудасини қазиб олиш ишлари тўлиқ маҳаллий мутахассислар томонидан йўлга қўйилган.

Корхона тоғ-кон ва қайта ишлаш мажмуаларидан иборат бўлиб, тоғ-кон мажмуасидан 2,1 млн. тонна руда қазиб олиш ва уни қайта ишлаш мажмуасида бойитиб, 600,0 минг тонна тайёр калий хлорид ишлаб чиқариш лойиҳавий қувватларига эга.

“Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг ишга тушиши билан мамлакатимиз кимё саноатида янги турдаги калий хлорид минерал ўғити тўлиқ маҳаллийлаштирилди. Корхона илк фаолиятини бошлаган 2010 йилда республикамиз истеъмолчиларини 1,9 минг тонна калий хлорид минерал ўғити билан таъминлаган бўлса, 2019 йилда 41,04 минг тонна, 2020 йил 6 ойликда 54 минг тонна калий хлорид минерал ўғити қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва бошқа соҳалар учун етказиб берилган. Натижада корхона ишга тушгунга қадар импорт қилинган калий маҳсулотига бўлган ички эҳтиёжнинг тўлиқ қондирилишига эришилди, республикага калий ўғитлар импорти тўхтатилди ва асосийси валюта маблағларининг четга чиқиб кетишининг олди олинди.

Корхона ишга туширилиши билан Ўзбекистон жаҳонда калий ўғити ишлаб чиқарувчи ўн олтинчи (МДҲда учинчи) мамлакатга айланди. Айни пайтда тўққизта мамлакатда – Испания, Канада, АҚШ, Бразилия, Хитой, Исроил, Россия, Белорусия ва эндиликда Ўзбекистонда барча турдаги минерал ўғитлар яъни азотли, фосфорли, калийли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.

Корхона ўзининг 10 йиллигини юксак натижалар ва истиқболли режалар билан кутиб олмоқда. Жумладан, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ўтган 10 йиллик фаолияти давомида 30 ортиқ хорижий мамлакатларга 300 миллион АҚШ долл. миқдоридаги калий ўғитини экпорт қилганлиги фикримизнинг исботидир.

Бугунги кунга келиб корхона фаолият бошлаганидан буён экспорт қилинган маҳсулотнинг умумий миқдори 1 510 минг тоннага етди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган калий хлорид минерал ўғити Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Туркия, Молдавия, Украина ва Африка бозорларига кириб борди.

“Деҳқонобод калий заводи” АЖ фаолияти йўлга қўйилишининг яна бир ижобий натижасига тўхталганда, корхонанинг ишга туширилиши билан Деҳқонобод тумани бюджетдан дотация ажратиладиган туманлар қаторидан чиқарилганлигини, жамият томонидан туман инфратузулмаси ривожи йўлида ажратилган маблағлар ва бюджетга солиқлар тўловлари йил сайин ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Албатта, бу натижалар замирида корхона жамоасининг фидокорона меҳнати ётади. Корхона ходимлари ва малакали мутахассисларининг мамлакатимизда амалда бўлган пандемия шароитида ҳам самарали фаолият юритганликлари эса алоҳида эътирофга лойиқ.

“Деҳқонобод калий заводи” АЖ меҳнат жамоасини яна бир бор ушбу байрам билан табриклаган ҳолда, Сизларга масъулиятли фаолиятингизда куч-қувват, фидокорона меҳнатингизга улкан зафарлар тилаймиз. Хонадонингиздан тинчлик-хотиржамлик ва файзу-барака аримасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!