Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

«Яшил белбоғ» яратиш ишлари авжида

// 22 noyabr 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.97 MB)

Рeспубликамиз бўйлаб давом этаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида «Навоийазот» АЖ жамоаси ҳам муносиб иштирок этмоқда. Нафақат корхонанинг ишлаб чиқариш майдончаси, балки жамиятга қарашли кўпгина ҳудудларда тозалаш, оқлаш,  гул ва дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ижтимоий масалалар бўлими, ишлаб чиқариш ва цехлар, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими фаоллари ташкилотчиликда етакчиликни ўз қўлларига олдилар.

Қарийб бир ойдан буён корхонанинг атрофидаги ерлар дарахт кўчатлари экишга ва бу билан ишлаб чиқариш майдончаси атрофида «Яшил белбоғ» барпо этишга тайёрланди. Бугун эса лойиҳа доирасида ниҳол экиш маросими ташкиллаштирилди. Боғнинг илк ниҳолини корхона бошқаруви раиси Одил Темиров экиб, маросимга старт берди.

Ўзбекистонда жадал суръатда олиб борилаётган «Яшил  макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда гул кўчатлари, манзарали дарахтлар экиш, оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилиши кўзда тутилганди, — дейди корхона Маиший ва ижтимоий масалалар бўлими бошлиғи Толмас Рўзимуродов. – Деярли бир ойдан буён давом этаётган ҳашар ишлари мобайнида ташкилотнинг тегишли ҳудудларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 300 нафарга яқин ишчи-ходимлар, 10 га яқин техникалар бу ишларга сафарбар этилди.

Бугун пешинда старт олган ниҳол экиш маросимида корхона раҳбарияти, цех ва ишлаб чиқаришлар фаоллари иштирок этишди.

Бугунги тадбиримиз Навоий вилояти Экология бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган пресс-тур билан уйғунлашиб кетди, — дейди суҳбат давомида «Навоийазот» АЖ Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўлими бошлиғи Нодиржон Муродов. – Кўчат экиш маросимида нафақат кимёгарларимиз, балки экологлар ва юртимиз журналистлари ҳам ғайрат билан қатнашдилар. Жараёнда 1000 дан ортиқ гужум дарахти кўчатлари ерга қадалди. Корхонамиз атроф-муҳит муҳофазаси ишларига муҳим аҳамият қаратади, шу сабаб ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари мунтазам равишда амалга оширилади. Кузги мавсумда экилган ушбу кўчатлардан ташқари баҳорги экин ишларига ҳам ҳозирдан тамал тошлари қўйиб борилмоқда. Бугун 1,2 гектар ер майдонида ниҳол экилган бўлса, яна 5 гектар ер майдони 5000 туп кўчат экишга ҳозирланмоқда.

Юртимиз тобора «Яшил макон»га айланиб боришида ҳар биримизнинг ҳиссамиз бўлсин.