Жорий йилнинг 24-25 март кунлари пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг инвестицион имкониятларини намойиш қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган мазкур форумда «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан мамлакатимиз кимё саноатини жадал ривожлантириш, соҳанинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, янги истиқболли лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шу билан бирга соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш юзасидан қатор хорижий компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Шу билан бирга 25 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан «Кимё инновациялари» мавзусида «Бизнес Нонушта» ҳам ташкиллаштирилди. Унда Япониянинг «Mitsubishi» ва «Toyota Tsusho Corporation», Германиянинг «Siemens Energy», Франциянинг «EDF», Сингапурнинг «Indorama Group», Саудия Арабистонининг «Sabic», Австриянинг «Bowas» ҳамда бошқа кўплаб чет эл компанияларнинг 100 дан ортиқ вакиллари, хорижий ва маҳаллий инвесторлар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди. IFC ишлаб чиқариш, агробизнес ва хизматлар бўйича глобал менежери жаноб Р.Балажди модераторлик қилган «Бизнес нонушта» давомида “Ўзкимёсаноат АЖ бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов, Швейцариянинг “Casale SA” компанияси бош муҳандиси Эрманно Филиппи, Cингапурнинг “Indorama” компанияси бошқаруви аъзоси Пракаш Кежривал ҳамда Италия ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, CIUZ Президенти Гиоргио Веронесилар нутқ сўзлашди. Шу билан бирга қатор тақдимотлар ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашинилди.
«Бизнес нонушта»да бугунги кунда кимё ва ёқилғи-энергетика соҳаларида хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бунда Ўзбекистон ҳудудида мавжуд табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш ва халқаро институтлар билан тўпланган тажрибани алмашишга катта эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бундан ташқари ушбу соҳага инвестицияларни жалб қилиш, юқори қўшилган қийматга эга бўлган юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, дунёда кимё саноатида қўлланилаётган инновациялар ва уларни Ўзбекистонга ҳам тадбиқ этиш, саноатни декарбонизация қилиш ҳамда молиявий ва экологик жиҳатдан барқарорлигини таъминлаш каби кўплаб муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Форум якунлари бўйича «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан қиймати 1,0 млрд. доллардан ортиқ 5 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланди. Унга кўра 2022-2027 йилларда жами 995,0 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, 1 166 та янги иш ўринлари яратилади ва 10 дан ортиқ кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади. Шу билан бирга, имзоланадиган экспорт шартномалари доирасида жами 127,5 млн долларга тенг экспорт кўрсаткичлари амалга оширилишига келишиб олинди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Мабуот хизмати