
“Ўзкимёсаноат” АЖда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган иқтисодий ўқиш ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакат тараққиётининг 2030-йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармонлари мазмун-моҳиятига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ҳамда Экология миллий қўмитаси ходимларидан иборат экспертлар иштирок этиб, мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг мамлакат иқтисодиёти, саноат тармоқлари ва хусусан кимё саноати ривожига таъсири ҳақида батафсил маълумот бердилар.
.jpg)
Мутахассислар томонидан ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Иқтисодий ўқиш давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, экспертлардан атрофлича жавоблар олдилар. Тадбир якунида мазкур фармон ва стратегик ҳужжатларни амалиётга самарали татбиқ этиш, кимё саноати корхоналарида ислоҳотларни янада жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида бу каби тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган.