9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ташкил этилди.
Ушбу тадбир жамият фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолини соҳага оид янгиликлар билан таништириш, шунингдек, коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ўтказилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул мутахассислари, олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшлар иштирок этишди.
Уларга жамият ва тармоқ корхоналарининг асосий вазифалари, ишлаб чиқариш имкониятлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ривожлантириш стратегияси ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Жумладан, тадбир давомида «Ўзкимёсаноат» АЖнинг коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб бораётган ишлари, ички назорат тизими, хавфларни баҳолаш механизмлари, ходимлар учун ўтказиладиган ўқув-семинарлар ва профилактик чора-тадбирлар ҳақида ҳам батафсил сўзлаб берилди.
Шунингдек, жорий йилда «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналар «Махам-Чирчиқ» АЖ ва «Ўзкимёимпэкс» МЧЖлар «Cert International» Академияси томонидан аудитдан қайта ўтказилиб, яна ISO 37001:2016 халқаро сертификатига муносиб деб топилди.
Тадбир иштирокчилари коррупциянинг нафақат мамлакат тараққиёти, балки ҳар бир фуқаро хавфсизлиги, жамоадаги психологик муҳит ва меҳнат интизомига таъсири ҳақида ҳам батафсил маълумот олишди.
Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар. Мутахассислар томонидан барча саволларга атрофлича ва асосли жавоблар берилди.