Бугун «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарининг экологик таъсири: муаммолар, ечимлар ва истиқболлар” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Унда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари, тармоқ корхоналарининг соҳага доир бир қатор масъуллари иштирок этишди.
Анжуман кимё саноатининг атроф-муҳитга таъсирини таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш, бунда илғор технологиялар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш, қолаверса, барқарор ривожланишни таъминлаш учун экологик тозаликни сақлаш бўйича таклиф ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Жамиятнинг Техник жиҳатдан тартибга солиш ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш департаментининг Экология ва яшил иқтисодиёт бўлими раҳбари Дониёр Ниёзов кимё саноатда атроф-муҳитга таъсир этувчи асосий омиллар бўйича тақдимот қилди.
Иштирокчилар, шунингдек, мамлакатимизда кимё саноатида ишлаб чиқариш жараёнларига қўйилган экологик талаблар ва стандартлар, қайта тикланувчи ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик жавобгарлик ва ахборот шаффофлиги бўйича фикр алмашдилар.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати