Маълумки, ҳар йили куз-қиш мавсумида саноат корхоналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, муҳандислик коммуникацияларини тайёр ҳолатга келтириш ҳамда ходимлар учун қулай меҳнат шароитини яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятида 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари режали тарзда олиб борилмоқда.
Корхоналарда мавжуд муҳандислик тармоқларининг самарадорлигини ошириш, йўқотишларни камайтириш мақсадида уларни босқичма-босқич янгилаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса фаолиятнинг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Аввало, «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 111-сонли буйруғи асосида 2025-2026 йиллар куз-қиш давридаги ишларга тайёргарликни мувофиқлаштириш бўйича «Ўзкимёсаноат» АЖнинг марказий комиссияси тузилди. Корхоналар томонидан эса аниқ ва мақсадли тадбирлар белгиланиб, уларни амалга ошириш ишлари якунига етказилмоқда.
Хусусан, бугунга кунгача тармоқ кохононаларида 258,9 км иссиқлик тармоқлари, 8,14 км сув таъминоти тармоқлари, 4,9 км газ тармоқлари, 2 046,2 км электр тармоқлари, 79 дона трансформатор подстанцияларида капитал ва жорий таъмираш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, 18 дона қозонлар таъмирланди, 2 578 км иссиқлик тармоқлари изоляция қилинди.
Куз-қиш мавсумида барқарор фаолиятни таъминлаш мақсадида шу кунга қадар 1,9 минг тонна суюқ ёқилғи захиралари яратилди. Шунингдек, энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам амалий чоралар кўрилмоқда.
Кўрилаётган мазкур чоралар ўз навбатида мавсум давомида корхоналарнинг барқарор ишлашини, маҳсулот етказиб беришда узилишларга йўл қўймаслик ва миллий иқтисодиёт барқарорлигига ҳисса қўшишни таъминлайди.
"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати