Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

«Ўзкимёсаноат» АЖ делегациясининг Татаристон Республикасига ташрифи доирасида илмий ва технологик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

// 14 iyul 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (776.24 KB)

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Евгений Коржиков ҳамда Маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импортни мақбуллаштириш бўлими бошлиғи Абдуҳомид Саломовлар Татаристон Республикасига сафари давомида Қозон федерал университети ва Татаристон Республикаси Фанлар академиясида бўлдилар.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — композит материаллар, нефткимё, фармацевтика ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар соҳасида кичик ҳажмдаги кимёвий ишланмалар бўйича илмий ва технологик ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Делегация аъзолари ҚФУ таркибидаги А.М. Бутлеров номидаги кимё институти лабораторияларида бўлиб, гетероген катализ ва полимер композитлар яратиш соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг ҚФУ раҳбарияти билан учрашув ҳамда истиқболли илмий лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. ҚФУнинг рақамли трансформация ва инновацион фаолият бўйича проректори Д. Пашин университетнинг 220 йилдан ортиқ илмий салоҳиятига эга эканини таъкидлар экан, ушбу тажриба асосида саноатга йўналтирилган янги технологиялар жадал ривожлантирилаётганини алоҳида қайд этди. Д.Пашин халқаро ҳамкорлик, жумладан Ўзбекистон саноат корхоналари билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, аниқ ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифлар билдирди.

Учрашувда «Кичик ҳажмдаги кимёвий технологиялар» технопарки директори Михаил Варфоломеэв томонидан университет салоҳияти асосида ишлаб чиқарилаётган реагентлар ва катализаторлар бўйича амалий лойиҳалар тақдим этилди. Ушбу лойиҳалар айрим саноат корхоналарида амалиётда қўлланила бошлангани алоҳида қайд этилди.

Суҳбат чоғида технологияларни Ўзбекистонга трансфер қилиш, қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, «Ўзкимёсаноат» АЖ делегацияси  ҚФУ таркибидаги Фармацевтика илмий-ўқув маркази фаолияти билан танишди. Университетнинг қўшимча таълим ва касбий қайта тайёрлаш бўйича проректори Илнур Хайруллин билан таълим дастурлари юзасидан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида барқарор илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйишдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, янги лойиҳалар ва қўшма тадқиқотлар учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Қозон шаҳри ва Татаристон корхоналарига ташриф доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ вакиллари Татаристон Республикаси Фанлар академияси президенти Рифкат Минниханов билан учрашув ўтказдилар.

Унда кимё саноати соҳасидаги ҳамкорлик, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.