.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига давлат ташрифи арафасида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси ушбу мамлакатнинг қатор йирик саноат ва кимё компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, «Jordan Phosphate Mines Company», Al Faiha Group, Manaseer Group” ҳамда Иорданияда маиший кимё воситалари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотларда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Jordan Phosphate Mines Company» компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида кимё саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Jordan Phosphate Mines Company, PLC» ўртасида озуқабоп монокальций фосфат (MCP) ва дикальций фосфат (DCP) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Ушбу лойиҳа озуқабоп фосфат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш ҳамда кимё саноатига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этишга қаратилган.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасида кимё саноати соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.