Тошкент шаҳрида Ўзбекистон саноат тармоқларини илғор ва экологик жиҳатдан қулай технологияларга ўтказиш, саноат ифлосланишини камайтириш ҳамда экологик модернизация лойиҳаларини молиялаштириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертиза маркази, Жаҳон банки гуруҳи, халқаро молия институтлари, банк соҳаси ва саноат корхоналари вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар иштирок этди.
Семинарда «Ўзкимёсаноат» АЖнинг Экология ва яшил иқтисодиёт бўлими мутахассислари ҳам фаол иштирок этиб, саноат корхоналарида экологик барқарорликни таъминлаш, замонавий «яшил» технологияларни жорий этиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш бўйича масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбир давомида саноат ифлосланишини камайтириш атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш миллий дастурининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Шунингдек, экологик модернизация жараёнларини жадаллаштириш, илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва ушбу лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Семинар соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш ва саноатнинг экологик самарадорлигини оширишга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим платформа бўлди.