Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Smithers: пластикни қайта ишлаш бозори ёпиқ доирага тушиб қолди

// 23 noyabr 2026 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (149.3 KB)

Иккиламчи полимерлар жаҳон бозори парадоксал вазиятга дуч келмоқда: қайта ишланган хомашёга бўлган талаб ўсиши кутилayotgan бир пайтда, қайта ишловчи корхоналарнинг молиявий аҳволи ёмонлашмоқда, айрим ишлаб чиқариш объектлари эса фаолиятини тўхтатмоқда. Бу ҳақда Smithers таҳлил компаниясининг сўнгги тадқиқотида маълум қилинган.

Мутахассислар баҳолашига кўра, 2030 йилга бориб истеъмолдан чиққан чиқиндилардан олинадиган иккиламчи полимерлар (PCR)нинг қадоқлаш соҳасидаги талаб ҳажми 25 миллион тоннага етиши мумкин. Бироқ таклиф ҳажми атиги 6,5 миллион тоннани ташкил этади.

Асосий муаммо — PCR маҳсулотларининг нарх жиҳатидан рақобатбардошлиги пастлиги. Жумладан, қайта ишланган полиэтилентерефталат (ПЭТ) бирламчи ПЭТга нисбатан тахминан 35 фоиз қиммат. Юқори операцион харажатлар, арзон импорт қилинган қайта ишланган хомашё рақобати, шунингдек, чиқиндиларни саралаш ва тозалаш технологияларига сарфланадиган маблағлар соҳанинг рентабеллигини пасайтирмоқда. Қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари эса қўшимча харажатларни ўз зиммасига олишга тайёр эмас. Натижада қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти ва соҳанинг ривожланиши секинлашмоқда.

Бундан ташқари, хомашё сифати ва унинг келиб чиқишини кузатиш бўйича қатъий талаблар, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқларини ишлаб чиқаришда қўшимча қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Шу билан бирга, Европа Иттифоқида қадоқлаш материаллари ва қадоқлаш чиқиндилари тўғрисидаги регламент (PPWR) каби қонунчилик талабларининг кучайтирилиши PCR маҳсулотларига бўлган талабни рағбатлантирмоқда. Бироқ бу жараён қайта ишлаш қувватларининг мутаносиб равишда ошишига олиб келмаяпти.

Шу тариқа, ўзига хос ёпиқ доира юзага келмоқда: иккиламчи полимерларнинг қимматлиги уларга бўлган талаб ва инвестициялар оқимини чекламоқда, бу эса ўз навбатида маҳсулот таннархини пасайтириш имкониятларига тўсқинлик қилмоқда.

Smithers экспертларининг фикрича, ушбу номутаносибликни бартараф этиш учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда чиқиндиларни автоматлаштирилган саралаш тизимларини жорий этиш, чиқиндиларни йиғиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, механик ва кимёвий қайта ишлаш технологияларини ривожлантириш зарур. Бироқ қайта ишловчи корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги оширилмаса, давлат томонидан тартибга солиш чоралари кучайтирилган тақдирда ҳам хомашё тақчиллиги сақланиб қолиши мумкин.