Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Сарҳисоб: «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоғида инсон ресурслари билан ишлаш бўйича 2024 йилда амалга оширилган ишлар

// 09 yanvar 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (20.84 MB)

Ҳар қандай соҳанинг тараққиёти унда фаолият олиб бораётган мутахассис ва кадрларнинг салоҳиятига бевосита боғлиқ. Шу маънода «Ўзкимёсаноат» АЖ ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб келмоқда.

Бу борада 2024 йилда Жамият томонидан қатор ишлар амага оширилди. Хусусан, тармоқда фаолият бораётган 6176 нафар ишчи-ходимларнинг малакаси оширилди. Ушбу мақсадлар учун 3 млрд 274 млн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шу билан бирга, ўтган йилда тизим корхоналарида жами 2114 нафар талаба амалиётларга жалб этилди. Амалиёт даврида уларга корхоналарнинг 288 нафар малакали мутахассислари устоз сифатида бириктирилди. Яна бир муҳим жиҳат — таълим муассасаларининг 38 нафар профессор-ўқитувчилари учун тармоқ корхоналарида стажировкалар ташкил этилди.

Салоҳиятли ёшларни саралаш, уларни заҳирага олиш, иқтидорли битирувчи талабаларни аниқлаш ва ишга таклиф қилиш билан тармоқни малакали кадрларларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2024 йилнинг 27 май – 1 июнь кунлари «Барқарор ривожлантириш ва яшил иқтисодиёт» Халқаро кимё ҳафталиги доирасида Тошкент кимё-технология институти, Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Янги Ўзбекистон университети талабалари ва тармоқ корхоналарининг ёш мутахассислари учун илк бор «Кимё саноати ёш мутахассислари илмий-интелектуал форуми» ўтказилди.

Айни йўналишда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам фаол олиб борилди. Хусусан, «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) билан биргаликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда кимё технологиялари марказининг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси муҳим ўрин тутди. «Корея-Ўзбекистон илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти – Кимё технология инновация марказини ташкил этиш» инвестиция лойиҳаси доирасида – 14 нафар муносиб номзодлар саралаб олиниб, баҳорги ва кузги ўқув йиллари учун мос равишда 2023 йил март ва август ҳамда 2024 йил март ва центабр ойларида Корея Республикасига ўқишга юборилди. Улардан 4 нафари докторантура ва 10 нафари магистратура йўналишда таҳсил олишди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати топшириғи ижросини таъминлаш, ёшларнинг кимё соҳасига қизиқиши мактаб давридан бошлаб ошириш мақсадида Навбаҳор тумани 2-касб ҳунар мактаби (Навбаҳор туман 2-сон политехникуми)нинг «Навоиязот» АЖга бириктирилган ўқув ва лаборатория хоналари таъмирланди ва кимё соҳасининг энг замонавий кўргазмали қуроллари билан жиҳозланди. Муассасада корхонанинг ёш мутахасислари учун “Кимёвий таҳлил лабораторияси лаборантиˮ мутахассислиги бўйича қисқа муддатли малака ошириш ва қайта ўқитиш ҳамда Кимёвий таҳлил лабораторияси лаборанти, Назорат ўлчов асбоблари чилангари мутахасислиги бўйича ўқиш истаги бўлган вилоят ёшларини ҳамкорликда дуал таълим тизими асосида ўқитиш ташкил этилди.

Шунингдек, 2024 йилда кимё саноати томонидан Қўқон шаҳридаги 19-сонли ўрта умумтаълим мактаби қисқа муддатларда тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланди. Мактаб ўқувчилари 2024/2025-ўқув йилини замонавий таъмирланган мактаб биносида бошладилар. Ўқув йили бошида мактаб ўқувчиларини кимё саноати соҳасига қизиқтириш мақсадида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиали профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашувлар ташкил этилди.

2024/2025-ўқув йилидан Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида тармоқ корхоналари ҳамда республиканинг бошқа тармоқлари эҳтиёжларини инобатга олиб, 3 та янги йўналиш — педагогик таълим, фармация ва замонавий энергетика материалларининг кимёвий технологияси йўналишлари, мавжуд Кимё технология йўналишида эса  2 та, яъни Юқори молекуляр бирикмалар ва Минерал ўғитлар кимёвий технологияси таълим дастурлари йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, соҳавий ОТМларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, лаборатория шароитларини яхшилаш, зарурий кимёвий реагентлар билан таъминлаш мақсадида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига 2 млрд сўм, Тошкент кимё-технология институтига жами 677,7 млн сўмлик молиявий кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖнинг Кимё саноати соҳасида касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича Тармоқ кенгаши томонидан 2024 йилда 37 та касбий стандартлар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг махсус платформасига жойлаштирилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати