Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4805-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан кимёвий реагентлар 2022 йил 18 ноябрь куни Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли 43-сонли ИДУМга ҳомийлик сифатида тақдим этилди. Унда «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖнинг бир гуруҳ ходимлари иштирок этишди.
- Сизнинг ушбу кимёвий реагентлардан унумли фойдаланган ҳолда, кимё ва биология фанларини чуқур ўрганиш ва ўзлаштириш орқали мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, таълим сифати ва илм-фан ютуқларини амалиётга жорий қилиш қилиш натижадорлигини ошириш йўлида муносиб ҳиссангизни қўшишингизга ишонамиз, — дейди «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ бош директор ўринбосари Шуҳрат Аминов.
Дарҳақиқат, бу каби олиб борилаётган ислоҳотлар замирида, кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, таълим муассасаларини замонавий лабораториялар, дарсликлар ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ушбу йўналишларга малакали ўқитувчи-мураббийларни жалб этиш, кадрлар тайёрлаш ва илм-фан ютуқларидан амалиётда самарали фойдаланишда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси ётади.