Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Plastex Uzbekistan - 2025 15-халқаро юбилей кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди

// 23 sentabr 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (468.78 KB)

Бугун, 23-сентябр куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Plastex Uzbekistan - 2025  15-халқаро юбилей кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. 

Мазкур тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти ҳам иштирок этди. 25-сентябрга қадар ўтказиладиган кўргазма жорий йили 10 та давлатдан 250 дан ортиқ компания ва брендларни жалб қилган ҳолда рекорд даражада иштирокчиларни тўплади. Уларнинг қаторида Германия, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Россия ва бошқа мамлакатлардан иштирокчилар ҳам бор.

2025-йилдан бошлаб кўргазма кенгайтирилган 4P Central Asia (Plastics, Polymers, Packaging, Printing) форматида ўтказилмоқда. Бу формат тўртта ўзаро боғлиқ соҳаларни бирлаштириб, полимер хом-ашёсидан тортиб, қадоқлаш, қайта ишлаш ва босма маҳсулотларини ўз ичига олган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини қамраб олади.

Кўргазма доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ вакиллари турли саноат тармоқлари учун мўлжалланган юқори технологияли жиҳозлар, инновацион турдаги полимер хом-ашёси, экологик тоза қадоқлаш материаллари ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган тайёр маҳсулотлар билан танишдилар.

Айниқса, энергия тежамкор технологиялар ва полимер чиқиндиларини қайта ишлаш ҳамда утилизация қилиш соҳасидаги ишланмалар катта қизиқиш уйғотди. Бу эса барқарор ривожланиш ва экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан айни муддао.

Бундай халқаро тадбирларда иштирок этиш кимё саноати мутахассисларига касбий кўникмаларни кенгайтириш, жаҳон тенденсияларини кузатиш ҳамда инновацион ечимларни миллий ишлаб чиқаришга жорий этиш имконини беради.

 “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати