“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкилотда ва унинг тизимидаги корхоналарда қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишга қаратилган йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси ҳамда раҳбар-ходимлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6166-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда Фармонда белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Тадбирда ҳужжатлар, яъни қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” газетасининг 44-сонида келтирилган қуйидаги маълумотлар йиғилиш иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди. “2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан вазирликлар ва идоралар, шунингдек, ҳокимликлар билан биргаликда давлатимиз раҳбарининг 344 та ҳужжатлари тайёрланиб, Президент Адмистрациясига киритилди. Республика Ҳукуматининг 834 та қарори ва 580 та фармойиши қабул қилинди”. Мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида қабул қилинган ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка этказиш ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Зеро, қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда нафақат раҳбарлар балки вазирлик-идоралар, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган барча ходимлар ўз ишига масъулият билан ёндашиши устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати