Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида илғор ва замонавий методикаларни қўллаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

// 27 may 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (61.76 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида 2022 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Бунга кўра, Коррупцияга карши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда томонларнинг келишувига асосан назорат тадбирлари ташкил қилинади, “Тараққиёт стратегияси” доирасида ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурларида коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларини белгилаш, кимё саноати соҳасидаги коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ҳамкорликда ишлаб чиқилади, Жамият томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасини янада такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга олиб келувчи омилларни бартараф этиш юзасидан билдирилган таклифларни қонунчиликка киритиш бўйича тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, жамият ходимлари агентлик томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналиши доирасида ташкил этиладиган тарғибот ва профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари, хорижий мутахассислар иштирокидаги учрашувлар, муҳокамалар ва семинарларга таклиф этилади. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш йўналиши доирасида жамият томонидан ўтказиладиган муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбирларда агентлик ходимлари мунтазам равишда иштирок этишади. Қолаверса, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимига номзодларни ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлашда коррупцион хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида номзодларни ишга қабул қилиш жараёни очиқ танлов асосида онлайн трансляция қилиб борилади. Шу билан бирга,  жамият тизимида ходимларнинг белгиланган қонунчилик талабларини қўллай олиши, уларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги ҳамда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шаклланганлик даражасини баҳолаб бориш учун “Сирли мижоз” ёки “Сирли мурожаатчи” мониторинг тадбирлари ташкил этилади.

Таъкидлаб ўтиш лозим, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасидаги ишларни мунтазам ва тизимли давом эттиришга алоҳида аҳамият қаратилади. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, шунингдек, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида Комплаенс хизмати томонидан мазкур соҳада устувор йўналишлар, аниқ мақсадлар ва вазифалар белгилаб олинган.

Ўзкимёсаноат АЖ Матбуот хизмати