Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

«Кимё саноати ёш мутахассислари» миллий форуми бўлиб ўтди

// 31 may 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (54.26 KB)

Кимё саноати ёш мутахассисларининг малака ва тажрибаларини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграция жараёнларини кучайтириш, ёш ходимларнинг жамоавий ишлаш, ташаббускорлигини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тармоғида ҳар йили «Кимё саноати ёш мутахассислари» миллий форумини ўтказиш анъанага айланди. 

Жорий йилнинг 27-31-май кунлари «Ўзкимёсаноат» АЖ, тизим корхоналари ҳамда  Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Кимёгар» оромгоҳида «Кимё саноати ёш мутахассислари» илмий-интеллектуал форуми бўлиб ўтди. 

Ушбу форумда «Ўзкимёсаноат» АЖ тизим корхоналарида фаолият юритаётган ёш мутахассислар, Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё технологиялари университети Тошкент шаҳри филиали, Тошкент кимё- технология институти ҳамда Янги Ўзбекистон университети талабалари —жами 200 нафарга яқин ёш мутахассис иштирок этди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида 4829 нафар нафар ёш ишчи-ходимлар меҳнат фаолиятини олиб боради. Улардан  2879 нафари эркак, 1950 нафари аёл. Бу каби тадбирлар орқали ёшлар турли корхоналарда фаолият юритаётган  мутахассислар билан алоқаларни мустаҳкамлайди, ёш мутахассисларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Форум дастури ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли тадбирларга бой бўлди. Дастлабки куни ёшлар Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё технологияси университетида бўлиб, унда соҳанинг бўлажак мутахассислари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. 

Сўнгра иштирокчилар Чирчиқ кимё-индустриал технопаркига ташриф буюришди. Форум қатнашчилари технопаркдаги ишлаб чиқариш жараёнларига бевосита гувоҳ бўлдилар. 

Соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мақсадида форумнинг 2-кунида иштирокчи йигит-қизлар ўртасида шахмат бўйича мусобақа ташкил этилди. 32 нафар ёш иштирокчи ўз корхона ва ОТМлари шарафини ҳимоя қилиб, уларда фаол қатнашди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида кенг оммалашган «Заковат» интеллектуал ўйини ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирокчилардан ташкил топган 22 та жамоа «Ўзкимёсаноат АЖ раҳбари кубоги» учун баҳс олиб борди. 

“Максам-Чирчиқ” АЖ ходимлари интеллектуал ўйинда зукколик ва жамоавий аҳилликни намоён этиб, 1-ўринни забт этди. Тошкент кимё технология университети талабаларидан иборат жамоа фахрли 2-ўринни эгаллади. «Янги Ўзбекистон» университети жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.

Шахсий ўсиш, вақтни бошқариш, мотивация ва етакчилик қобилиятларини ривожлантириш бўйича кўникмалар – ёш мутахассислар учун замон талаби. Шу мақсадда, малакали спикерлар иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир психологик тестлар ва қизиқарли интерактив ўйинларга бой бўлиб, иштирокчиларнинг билимларини оширишга хизмат қилди.

«Энг яхши инновацион ғоя» танлови – «Кимё саноати ёш мутахассислари» форумининг кульминацион тадбири. Танлов ёш мутахассисларнинг янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, саноатда тежамкор технологияларни самарали қўллаш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилувчи ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

Форум иштирокчиларига ишлаб чиқариш жараёнларидаги муаммоли вазиятларга инновацион ечим таклиф қилиш вазифаси берилди. Унинг доирасида ёшлар 20 га яқин инновацион лойиҳалар таклиф қилишди. 

Лойиҳалар энерготежамкорлиги, кимё корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларини енгиллаштирувчи ва модернизация қилувчи, янги маҳсулотлар ҳамда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. «Энг яхши инновацион ғоя» сифатида эътироф этилган лойиҳаларни корхоналарда амалда татбиқ этиш режалаштирилган.  Иштирокчилар ўз лойиҳаларини соҳа экспертларига тақдим этишди. 

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков билан раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Унда тармоқ корхоналари раҳбарлари, Д.И.Менделеев номидаги РКТУ, Тошкент кимё-технология институти, «Янги Ўзбекистон» университети вакиллари ҳам иштирок этиб, ёшлар билан самимий суҳбат ўтказилди.  Дўстона ва кўтаринки кайфиятда ўтган учрашувда иштирокчиларнинг таклифлари ва фикрлари тингланди. 

Миллий форумнинг тантанали ёпилиш маросимида «Заковат» интеллектуал ўйини, шахмат мусобақаси, «Энг яхши инновацион ғоя» танловида ғолиб бўлган иштирокчилар муносиб тақдирланди. Уларга пул мукофотлари, диплом-сертификатлар, қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. 

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмат