30 май куни Nuz.uz ва Upl.uz веб-сайтларида «Қизилқум фосфорит комплекси» кимга тегишли? сарлавҳаси остидаги мақолалар эълон қилинди. Мавзу юзасидан «Ўзкимёсаноат» АЖ қуйидагиларни маълум қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Кимё саноати соҳасида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 21 февралдаги 77-сон қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарор асосида 2022 йил 10 март санасидан «Олмалиқ КМК» АЖ таркибидаги «Қизилқум фосфорит комплекси» барча тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибига ўтказилган.
Ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнини узлуксизлигини таъминлаш, мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда маҳсулот таннархини пасайтириш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, корхона фаолиятини янада кенгайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида хорижий ҳамкорлар ҳамда инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, мавзуга оид аниқ, батафсил маълумотларга эга бўлмай туриб, жамоатчилик орасида тушунмовчилик ва муҳокамаларга сабаб бўладиган фикрларни баён қилишдан олдин «Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизматига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлишини, шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖ ОАВ ва блогерлар учун доим очиқлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати