Иқтисодиётнинг барча тармоқларида, хусусан, кимё саноатида инновация ва ресурсларни мақбуллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда юқори талабга эга ва истиқболли технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш борасида амалий ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Шу мақсадда, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг Инновация ва янги технологияларни жорий этиш бўлими мутахассислари томонидан "Аммофос-Махам" акциядорлик жамиятига амалий ташриф уюштирилди.
Ташриф доирасида корхонанинг лаборатория имкониятлари ўрганилиб, унинг янги инновацион лойиҳалар доирасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш салоҳияти таҳлил қилинди.
Мутахассислар корхонанинг илмий таҳлил ишларини мустақил равишда бажариш қобилиятига эга эканлигини қайд этиб, келгусида кўпроқ инновацион лойиҳаларни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратишди.
Ташриф доирасида, шунингдек, “Аммофос”–2 цехи фаолияти ҳам кўздан кечирилиб, ушбу ишлаб чиқариш майдонида амалга оширилиши мумкин бўлган янги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, “Аммофос-Максам” АЖ ҳудудида жойлашган, кунига 200 тонна сулфат кислота ишлаб чиқариш қувватига эга “ALMALYK SULPHURIC ACID” МЧЖда ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишилди.
Бундай амалий учрашув ва таҳлиллар кимё саноати корхоналарида инновацион ютуқларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кенгайтиришга хизмат қилади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати