
“Ўзкимёсаноат“ АЖ мутахассислари “Аммофос-Максам“ АЖ вакиллари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида минерал ўғитлар захираси ҳолатини ўрганди.

Мониторинг давомида ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган ваколатли омборлардаги минерал ўғитлар захираси, уларнинг сақланиш ҳолати ҳамда фермер хўжаликларига етказиб берилиши жараёни кўздан кечирилди. Жойларда фосфорли минерал ўғитлар амалдаги талабларга мувофиқ сақланаётгани аниқланди.
Шунингдек, фермер хўжаликларининг минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, уларни биржа орқали харид қилиш ва ҳудудлардаги мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш масалалари ўрганилди.
Мониторинг ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги масъуллари билан ҳамкорликда амалга оширилиб, ғалла экиш ишларини белгиланган муддатларда ташкил этиш учун минерал ўғитлар таъминотини узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.