Кимё саноати ёш мутахассислари форуми доирасида иштирокчилар учун сунъий интеллект технологияларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда СИ йўналишида фаолият юритаётган экспертлар томонидан сунъий интеллектнинг бугунги кундаги имкониятлари, унинг ишлаб чиқариш ва таълим тизимларидаги аҳамияти, маълумотларни таҳлил қилишдаги ўрни ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга қўшаётган ҳиссаси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Семинар давомида Chat GPT ва бошқа замонавий СИ воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга контент яратиш, тақдимотлар тайёрлаш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ҳамда инновацион ташаббусларни ривожлантиришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Интерактив форматда ташкил этилган машғулот давомида қатнашчилар мутахассислар билан очиқ мулоқот олиб бориб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларининг истиқболлари ва уларни турли соҳаларда қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур семинар-тренинг ёш мутахассисларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.