Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

“Ўзкимёсаноат” АЖ тизими корхоналари томонидан Давлат кафолати остида хорижий мамлакатлар молиявий институтларидан жалб қилинган кредит маблағлари тўғрисида маълумот

// 13 may 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (417.8 KB)

“Ўзкимёсаноат” АЖ тизими корхоналарида давлат кафолати остида умумий қиймати 2,4 млрд долларга тенг бўлган 7 та инвестицион лойиҳаси амалга оширилиб, хорижий мамлакатлар молиявий институтларидан 1 451,6 млн доллар (61%) маблағ жалб қилинган.

2022 йил 1 май ҳолатига тармоқ корхоналаримиз томонидан режа графикларига мувофиқ 430,7 млн доллар (асосий қарз 285,3 млн доллар), шу жумладан, 2022 йил январь-апрель ойларида 79,4 млн доллар тўловлар амалга оширилиб, корхоналарнинг ташқи қарздорлиги 1 166,3 млн долларни ташкил қилмоқда.

Шу билан биргаликда, 2022 йил якунига қадар яна 81,5 млн доллар тўловлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Жалб қилинган хорижий кредитларнинг 52 фоизи (758,9 млн доллар) Хитойнинг “Эксимбанк” банкидан, 40 фоизи (580,5 млн доллар) Япониянинг JBIC ҳамда бошқа молия институтлари, 8 фоизи (112,2 млн доллар) Германия ва Швейцария банкларидан жалб қилинган кредитлар ҳисобига тўғри келади.

Лойиҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, жами ташқи қарзнинг 73 фоизи (1 066,5 млн долл.) “Навоийазот” АЖ томонидан аммиак ва карбамид ҳамда азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш, поливинилхлорид (ПВХ) каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида,
10 фоизи (151,5 млн долл.) “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг қурилишига, 11 фоизи (156,4 млн долл.) “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖни қуришга, 5 фоизи (77,1 млн долл.) “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтирилган.

Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилгандан бугунги кунга қадар 6 030 та янги иш ўринлари яратилди, 756 млн долларлик эквивалентда маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 576,1 млн долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди ҳамда давлат бюджетига 136,5 млн доллар эквивалентда солиқ тўловлари тўлаб берилди.

Иқтисодий самара сифатида лойиҳаларнинг амалга оширилганлиги ҳисобига ташқи қарз кредитлари бўйича тўловлар тўлиқ амалга оширилгунга қадар 7,6 млрд долларлик эквивалентида маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, республикада мазкур маҳсулотларга бўлган талаб тўлиқ қондирилади. Жумладан, 2,3 млрд доллар экспорт ҳисобидан валюта маблағлари тушумига эришилиб, бюджетга қўшимча 930,4 млн доллар эквивалентда солиқ тўловларининг амалга оширилиши таъминланади.

Бундан ташқари, “Навоийазот” АЖ мисолида кўрадиган бўлсак, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳисобига жамиятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархида энергия ресурслар улуши 65-70 фоиздан 47-55 фоизгача пасайтирилишига эришилди. Жумладан, жамиятнинг жисмонан эскирган аммиак ва азот кислотаси ишлаб чиқаришининг 1-2 навбатларининг ўрнига янги аммиак ва азот кислотаси ишлаб чиқариши қувватларнинг ишга туширилиши натижасида 2020 йилдан 2022 йилнинг апрель ойига қадар 389,5 млрд сўм миқдорида 1 078,3 млн кВт электр энергиясининг ва 356,8 млрд сўм миқдорида 2,5 млн Гкал иссиқлик энергиясининг иқтисод қилинишига эришилди.

2021 йилда поливинилхлорид (ПВХ) маҳсулотини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида 51 минг тонна мазкур маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички истеъмолчиларга етказиб берилди ва бунинг натижасида қарийб 55 млн долларга импортни қисқартиришга эришилди. Жорий йилда ушбу кўрсаткич 1,9 баробарга ошиши ҳамда 116 млн долларга импорт қисқартирилиши кутилмоқда.

2020 йил якунида ишга туширилган аммиак ва карбамид мажмуаси ҳам ўз самарасини бера бошлади. 2021 йилда қиймати 171 млн долларга тенг бўлган 426 минг тонна карбамид ва 313 минг тонна қўшимча аммиакли селитра маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилдан бошлаб мазкур мажмуанинг тўлиқ қувватда ишлатилиши ҳисобига қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларига минерал ўғитлар барқарор етказиб берилиши таъминланиб 188 млн доллар эквиваленти қийматида қўшимча 500 минг тонна карбамид ҳамда 315 минг тонна аммиакли селитра маҳсулоти етказиб берилиши кутилмоқда. Бу эса, ўз ўрнида, агротехник тадбирлар ўз муддатларида ўтказилишини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига минерал ўғитларнинг узилишларсиз етказиб бериш, республикамизнинг азотли ўғитларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондирилиши, шу билан бирга, қўшни республикаларга ва узоқ хорижий давлатларга экспорт қилиш имкониятини яратди.