Жорий йилнинг 11 декабрь куни «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки фаолияти, унда айни пайтга қадар амалга амалга оширилган лойиҳалар ва келгуси режаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Технопарк раҳбарияти, резидентлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
"Чирчиқ" кимё-индустриал технопарки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент вилоятида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-116-сонли қарорига асосан «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан ташкил этилган.Технопаркнинг жами ҳудуди 27,1 гектар бўлиб, 3 та ишлаб чиқариш майдонидан иборат. Технопарк инфратузилмаси тизимига жами 25 млн АҚШ доллар миқдорида сармоя ажратилган бўлиб, 75,6 минг.кв.м ишлаб чиқариш бинолари, 8,2 минг.кв.м маъмурий бинолар фойдаланишга топширилган.
Ҳозирги кунда Технопарк ҳудудида турли хил давлатлардан 25 та инвестиция лойиҳалари йўлга қўйилган бўлиб, уларга резидентлик мақоми берилган. Резидентлар томонидан шу кунга қадар умумий қиймати 100 млн АҚШ долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 954 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 26 млн АҚШ долларлик маҳсулотларни экспорт қилишга эришилди ҳамда 798 нафар янги иш ўринлари яратилди. Резидентлар томонидан бюджетга жами 75 млрд сўм солиқ тушумлари амалга оширилди. Биргина 2025 йилнинг ўзида Технопаркда умумий қиймати 36,5 млн АҚШ доллари бўлган 8 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 312 нафар янги иш ўринлари ташкил этилди.
Технопарк ҳудудида Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида жорий йилда Тошкент кимё-технология институти билан ҳамкорликда "Интеллектуал кимё-технология тизимлари" илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди.
Бу ерда магистр талабалар учун кимёвий технология, технологик жараёнларни ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда кимёвий технологик жараёнлар ва аппаратлар мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани давомида технопаркда шу кунга қадар амалга оширилган лойиҳалар билан бирга истиқболга мўлжалланган режаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтилди.
Хусусан, 2026 йилда умумий қиймати 40 млн АҚШ долларлик 5 та инвестиция лойиҳалар пакети шакллантирилган бўлиб, уларни амалга ошириш натижасида жами ўзлаштирилган инвестициялар миқдорини 140 млн АҚШ долларига етказиш ҳамда 1 019 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 28 млн АҚШ долларлик маҳсулотларни экспортга йўналтириш мақсад қилинган.
Шунингдек, бугунги кунинг муҳим масалаларидан бири бўлган энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни жорий этиш мақсадида Технопарк ҳудудида қуввати 4 МW бўлган қуёш панелларини (қуёш электр станциясини) ўрнатиш хисобига йилига тахминан 5,6-6,4 миллион кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда Технопарк энергия эҳтиёжининг бир қисмини қоплаш ва ташқи тармоққа боғлиқлигини камайтириш режалаштирилган.
Технопаркда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда унинг ҳудудини кенгайтириш ва яна 9 та янги лойиҳани жойлаштириш мақсадида, Тошкент вилояти, Қибрай тумани «Байтқўрғон» ҚФЙ ва «Кўприкбоши» МФЙ ҳудудларидан 20 гектар ер майдонини ажратиш белгиланган.
Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати