Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Брифинг: “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарининг ишонч алоқа каналлари орқали жисмоний ва юридик шахслардан 291 та мурожаат келиб тушган

// 15 iyul 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (57.88 KB)

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида 2025 йилнинг 2-чорагида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарининг Коррупцияга қарши курашиш ва Комплаенс бошқармалари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида 2025-йилнинг ўтган 2-чорагида ўтказилган чора-тадбирлар Қонунчилик ва ички-меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилди.

Жумладан, ҳисобот даврида комплаенс назорат ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар “Ўзкимёсаноат” АЖнинг ижро аппарати, “Навоийазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Максам-Чирчиқ”, “Аммофос-Максам”, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖлари ҳамда “Қизилқум фосфорит комплекси”, “Ўзкимёимпекс” МЧЖларида амалга оширилди.

Ҳисобот даврида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг таркибий корхоналарига ишга янги қабул қилинган 455 нафар ходим манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мақсадида текширилди.

Шунингдек, 76 нафар раҳбар ҳодим ва коррупцияга қарши ички тузилма ҳодимларининг малакаси оширилди. Жумладан, 50 нафар раҳбар ҳодим ИСО 31000:2018 «Хавфларни бошқариш» халқаро стандарти ва 26 нафар коррупцияга қарши ички тузилма ҳодимлари Коррупцияга қарши виртуал академия портали орқали «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг самарали ишлашини таъминлаш» мавзусида махсус чуқурлаштирилган ўқув курсида ўз малакаларини оширдилар.

Бундан ташқари, корхоналарда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ходимлари томонидан 20 дан ортиқ коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга бағишланган мавзуларда семинарлар ва давра сухбатлари ўтказилиб, уларда жами 850 нафардан ортиқ ҳодим назарий билимларга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 12-январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ “E-Antikor.uz” электрон платформасига “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида жорий йилнинг ўтган
6 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишларга оид маълумотлар 5 та йўналишда 29 та махсус индикаторлар асосида платформага бириктирилди.

Таъкидлаб ўтиш лозим, жорий йилнинг 12 июнь куни “Ўзкимёсаноат” АЖ “CERT International” халқаро академияси томонидан муваффақиятли аудитдан ўтиб, коррупцияга қарши кураш соҳасидаги нуфузли халқаро стандарт - ISO 37001:2016 сертификатига эга бўлди.

Ҳисобот даврида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарда ўтказилган Давлат ҳаридлари доирасида 3500 дан ортиқ хўжалик шартномалари тузилган бўлиб, барчасига коррупцияга қарши курашиш талаблари киритилган.

Ўтган даврда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарининг ишонч алоқа каналлари орқали жисмоний ва юридик шахслардан 291 та мурожаат келиб тушган, шундан 12 таси коррупцияга оид бўлиб, барчаси бўйича хизмат текширувлари ўтказилди. Унинг натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий чора қўлланилди.

Шунингдек, тизимда 52 маротаба режали назорат текширувлари ўтказилди, натижада 24 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилди. Бугунги кунда 20 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2025 йилнинг иккинчи чораги давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар тармоқда очиқлик, масъулият ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати