Бугунги брифингимизда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан куз-қиш мавсумида фермер ва деҳқон хўжаликларини минерал ўғитлар билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун зарур захираларни шакллантириш ҳамда маҳсулотларни ҳудудларга ўз вақтида етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Маълумки, куз-қиш мавсуми қишлоқ хўжалигида, хусусан, ғалла экиш ва экин майдонларини қишловга тайёрлаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Бу даврда минерал ўғитларга бўлган талабни ўз вақтида қондириш ва таъминот барқарорлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири.
Шу мақсадда «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан тизимли ташкилий ва амалий чора-тадбирлар белгиланиб, кимё корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ сафарбар этилган.
Жумладан, жамият таркибидаги барча корхоналарда кузги агротехник тадбирлар ҳамда қишки захираларни шакллантириш учун зарур бўлган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ва ҳудудларга етказиб бериш графиклари тасдиқланган. Шунингдек, мавсумдаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, маҳсулотларни биржа савдоларига чиқаришнинг кунлик графиклари ҳам шакллантирилган.
Таъминот барқарорлигини таъминлаш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида корхоналарга тегишли 300 дан ортиқ ваколатли омборлар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун зарур бўлган минерал ўғитлар захираси шакллантирилган.
Таъминот тизимини янада такомиллаштириш мақсадида транспорт-логистика имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Минерал ўғитларни ҳудудий омборларга ва истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш учун темир йўл транспорти билан бир қаторда муқобил ташиш имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. Бу эса логистика жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олишга қаратилган.
Шу билан бирга, минерал ўғитларни сотиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Маҳсулотлар белгиланган тартибда биржа савдолари орқали реализация қилиниб, фермер ва деҳқон хўжаликларига уларни қонуний асосда харид қилиш имконияти яратилган.
30 октябрь ҳолатига кўра, республикамиз ҳудудларидаги омборларда жами 482,9 минг тонна минерал ўғит захираси шакллантирилган. Шундан:
Таъминот жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида жамият раҳбарияти ва масъул мутахассислари томонидан ишлаб чиқаришдан тортиб, маҳсулотларни омборларга жойлаштириш ва истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган барча босқичлар кунлик мониторинг қилиб борилмоқда. Бунда ҳар бир ҳудуднинг минерал ўғитларга бўлган реал эҳтиёжи алоҳида ўрганилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан куз-қиш мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини минерал ўғитлар билан узлуксиз таъминлаш учун ишлаб чиқариш, захираларни шакллантириш, логистика ва сотув йўналишларида барча зарур чоралар амалга оширилмоқда.