Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг расмий баёноти

// 28 iyul 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (53 KB)

Оммавий ахборот воситаларининг бирида “Нега маҳаллий ёғоч-қириндили плиталар ишлаб чиқарувчиси инновацион корхона фаолиятини тўхтатди?” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада Сурхондарё вилоятида ёғоч қириндисидан тайёрланадиган қурилиш материали (ДСП) ишлаб чиқарувчи Surxon KSP-Gra компанияси ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳамда ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) тайёрлашда қўлланувчи кимё маҳсулотларининг нархи ошганлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатгани баён қилинган. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади.

Мақолада “Maxam-Chirchiq” АЖда ишлаб чиқилувчи “А” маркали карбамид ва “Navoiyazot” АЖ корхонасининг маҳсулоти формалиндан ДСП учун махсус елим олиниши, бу умумий нархнинг 52 фоизини ташкил этиши, кейинги 2 йилда маҳаллий кимёвий маҳсулотларнинг нархи ошиши ҳисобига бу елимнинг нархи 4 баробарга қимматлашгани кўрсатиб ўтилган.

Бироқ мақолада келтирилган бу важлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. “Maxam-Chirchiq” АЖ 2018 йилда “А” маркали карбамиднинг нархи ҚҚС билан ҳисоблаганда 1 тонна учун 738 804 сўмни ташкил этган. Ҳозирги кундаги нархи эса 2019 йил 16 августда белгиланган бўлиб, 1 тонна учун 1 705 506 (ҚҚС билан) сўмни ташкил қилади, ўсиш 4 маротаба эмас, 2,31 мартани ташкил қилади.

Кейинги 2 йилда карбамид учун асосий хом-ашё бўлган табиий газ, электрэнергия, сув захираларидан фойдаланиш ва асосий фондларнинг нархлари кўтарилди. Ўз-ўзидан, шунга мутаносиб равишда таннарх ошганлиги сабабли карбамид маҳсулоти янги нархда сотилиши белгиланган.

Устига устак, “А” маркали карбамиднинг нархи ўсиши Монополияга қарши курашиши қўмитаси томонидан назорат қилинади, чунки 2019 йил март ойидан буён корхона ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича, товарлар ва молия бозорларида устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилган.

“Navoiyazot” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган формалин маҳсулотининг сўнгги икки йилдаги нархини таҳлил қиладиган бўлсак, мақолада келтирилган маълумот нотўғри эканлиги аён бўлади. 2018 йилда формалин нархи ҚҚС билан ҳисоблаганда 1 тонна учун 4 381 668 сўмни ташкил этган. Ҳозирги кундаги нархи эса 2019 йил 16 августда белгиланган бўлиб, 1 тонна формалин учун 3 009 138 (ҚҚС билан) сўмни ташкил қилади. Яъни маҳсулот нархи кўтарилмаган, аксинча нарх туширилганлигини кўриш мумкин.

Қолаверса, “Navoiyazot” АЖ ҳам Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2019 йил март ойидан формалин маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича, товарлар ва молия бозорларида устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилган.

Шунингдек, формалин маҳсулотининг нархи Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб белгиланган.

Шу ўринда мақолада келтирилганидек, “елим нархи маҳаллий компонентлар нархининг ошиши сабабли охирги икки йил ичида 4 (тўрт) бараварга ошиши” тўғрисидаги маълумот нимага асосланган деган табиий савол туғилади?

Юқоридагиларни инобатга олиб айтиш мумкинки, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар Surxon KSP-Gra компанияси билан бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида шаффоф ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, ҳозирда компания фаолияти тўхтатилганлиги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган кимё маҳсулотлари билан боғлаш ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим. Зеро, “Maxam-Chirchiq” АЖ ва “Navoiyazot” АЖ Surxon KSP-Gra компанияси билан ўзаро тузилган шартномаларни ўз вақтида бажариб келмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати