Бугунги кунда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик барқарорлик масалалари глобал миқёсда долзарб аҳамият касб этиб, ҳар бир ташкилотдан ушбу йўналишда масъулиятли ёндашувни талаб қилмоқда. 22-октябр — “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳам ушбу экологик ташаббусда фаол иштирок этди.
Мазкур лойиҳа доирасида жамият ходимлари ўз шахсий транспорт воситаларидан фойдаланмасдан, иш жойларига пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортида ҳаракатланишни афзал кўрдилар. Ушбу ҳаракат орқали ташкилот жамоаси аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш каби муҳим қадриятларни илгари сурмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ фаолиятида экологик хавфсизлик ва барқарор ривожланиш тамойилларига содиқлик асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Жамият нафақат кимё саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, балки ишлаб чиқариш жараёнларида экологик меъёрларга қатъий риоя қилиш орқали ижтимоий масъулиятли ташкилот сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.
“Автомобилсиз кун” доирасидаги ушбу ташаббус – кичик бўлса-да, катта ижтимоий ва экологик аҳамиятга эга бўлган қадамлардан биридир. Биз барча юртдошларимизни ушбу ҳаракатга қўшилишга, кундалик ҳаётда ҳам экологик онгни шакллантириш ва табиатга нисбатан эътиборли бўлишга чорлаймиз.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати