
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида ўтказилаётган «Мустақиллик тўйи» фестивали доирасида «Уч авлод учрашуви» ташкил этилди.

Мулоқотда «Ammofos-Maxam» AJнинг меҳнат фахрийлари — Сув таъминоти ва оқова цех бошлиғи Шухратилла Хаджаев, Модернизация, маҳаллийлаштириш, инвестиция, инновация ва корпоратив алоқа бошқармаси бошлиғи Икром Мамасолиев ҳамда Лойиҳа-конструкторлик бўлими бошлиғи Эркин Хўжамбердиев иштирок этдилар.
Учрашувда мустақиллик йилларида кимё саноатида амалга оширилган ўзгаришлар, корхоналарда шаклланган меҳнат анъаналари ва бугунги тараққиёт босқичи ҳақида фикр алмашилди. Меҳнат фахрийлари ўзларининг кўп йиллик касбий тажрибалари, соҳа ривожидаги муҳим даврлар ва меҳнат фаолияти давомидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Суҳбат давомида мустақиллик йилларида яратилган имкониятлар, замонавий технологиялар ва янги авлод мутахассисларининг соҳа тараққиётидаги ўрни алоҳида таъкидланди. Ёшларга касбий тажрибани етказиш, меҳнатга садоқат ва масъулият билан ёндашиш муҳимлиги қайд этилди.

«Уч авлод учрашуви» каби тадбирлар мустақиллик йилларида эришилган натижаларни авлодлар нигоҳида яна бир бор сарҳисоб қилиш, бой меҳнат тажрибасини ёшларга етказиш ва келгуси тараққиёт мақсадлари атрофида бирлашишга хизмат қилади.
