Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

2024 йилда минерал ўғитлар республиканинг 124 та туманида жами 275 та ваколатли омборлар орқали етказиб берилди

// 13 yanvar 2025 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.58 MB)

Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ортиши минерал ўғитлар билан таъминланганлик даражаси билан ҳам белгиланади. «Ўзкимёсаноат» АЖ 2024 йилда мазкур масалага жиддий эътибор қаратди. Таҳлилларни аниқ рақамлар мисолида давом эттирамиз. Ўтган йил якунлари бўйича республика истеъмолчиларига биржа савдолари орқали физик ҳолда жами 792,43 минг тонна минерал ўғитлар сотилган бўлиб, шундан азотли – 649,18 минг тонна, фосфорли – 79,37 минг тонна ва калийли – 63,88 минг тоннани ташкил этди.

Жумладан, 2024 йил ғалла ва пахта ҳосили учун қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 4,2 трлн сўмлик, соф ҳолда 415,4 минг тонна азотли, 36,4 минг тонна фосфорли ва 18,5 минг тонна калийли ўғитлар ҳамда 2025 йил кузги бошоқли дон экиш билан бирга 39,0 минг тонна фосфорли ва 10,2 минг тонна калийли ўғитлар харид қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ фермер хўжаликларига қулайликлар яратиш, минерал ўғитларнинг сотилишини жадаллаштириш мақсадида кимё корхоналари томонидан мамлакатимизнинг 124 та туманида жами 275 та  ваколатли омборлар ташкил қилинди. Минерал ўғитлар 1,7 млн тонна сиғимга эга ушбу омборлардан биржа савдоларига қўйиб борилди.

Шу билан бирга 2024 йилдан бошлаб жойлардаги омборлардан кластер ва фермерларга минерал ўғитни ташишда транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат — 2024 йил 27 февралдан бошлаб, минерал ўғитларни биржа савдоларига бошланғич нархларидан ўртача 10% гача пасайтириб харид қилиш аукцион тартибида савдога қўйиш механизми жорий этилди.

Масалан, «Максам-Чирчиқ» АЖнинг аммиакли селитра минерал ўғитини 10 фоизга, карбамид нархини 3 фоизгача, аммоний сульфат ўғитини 4 фоизга 2120 минг сўмдан 2035 минг сўмгача, «Навоиязот» АЖнинг аммиакли селитрасини 10 фоизгача, Аммофос-Максам” АЖнинг аммофос ўғитини 10 фоизгача пасайтирилган нархларда харид қилишнинг имконияти яратилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, 2025 йил 1 январь ҳолатига кимё корхоналарининг технологик ҳамда юртимиз туманларида ташкил қилинган омборларида жами соф ҳолда 392,8 минг тонна азотли, 34,3 минг тонна фосфорли ва 76,2 минг тонна калийли ўғитлар заҳираси яратиб қўйилди.