Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш умуммиллий аҳамиятга эга

// 10 iyun 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (560.4 KB)

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш барча ишларда устувор тамойил этиб белгиланган. Одамларнинг яхши яшаши учун энг зарур манбалардан бири эса бу энергия. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида бу соҳадаги узилишлар анча камайди. Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча оғирлик электр тармоқларига тушмоқда.

Бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилмоқда.

Бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир.

Шу боис йиғилишда қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

– Бугунги масала умуммиллий аҳамиятга эга. Бу ишларни авваламбор ўзимиздан бошлашимиз керак. Ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб, ўз уйи, ишхонасида муқобил энергия ускунасини ўрнатиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Масалан, бир оила сув иситиш учун бир ойда ўртача 195 минг сўм харажат қилади, дейлик. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш қурилмаси ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва “ёнга қолади”.

Агар, оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни, ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажат қилмайди.

Яна бир қулай томони, одамлар бунинг учун бирон-бир идорага бориб юрмайди. Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал этиб берилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади.

Давлатимиз раҳбари барча жараёнларни рақамлаштириб, ушбу янги тизимни 1 сентябрдан йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

Алоҳида эътибор эҳтиёжманд оилалар, олис ва чекка ҳудудларни шундай энергия манбалари билан таъминлаш масаласига қаратилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилаётган кўп қаватли уйлар, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кўча чироқларига муқобил энергия ускуналари ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда жойлардаги ижобий тажрибалар ҳам кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги 3-мактаб-интернатда 12 киловатт қувватли қуёш панеллари ва 1 тонна сувни иситиш ускуналари ўрнатилган. Натижада ушбу муассаса йилига 30 миллион сўмлик электр энергияси ва табиий газ иқтисод қилмоқда.

Менделеев номидаги кимё-технология университетида ҳам қуёшдан қувват олувчи 100 киловаттли ускуна ва 36 та сув иситиш қурилмаси ўрнатилган бўлиб, йилига қарийб 2 миллиард сўмлик электр энергияси тежалмоқда.

Бундай ишларни оммалаштириб, мактабгача таълим муассасалари, мактаб, тиббиёт ва бошқа ижтимоий объектларда босқичма-босқич муқобил энергия ускуналари ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, 2023 йилдан савдо ва кўнгилочар мажмуалар, ресторан, меҳмонхона, ёқилғи қуйиш шохобчалари, аэропорт, вокзал, тижорат банклари каби кўплаб биноларда иссиқ сув таъминоти ва ташқи ёритишнинг бир қисмини муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Мисол учун, ўтган йили энергия ресурсларига Сув хўжалиги вазирлиги 3 триллион сўм, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари 200 миллиард сўмдан бюджет маблағларини сарфлаган.

Президент барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидлади.

Шу боис Молия вазирлигига давлат идораларида энергия ресурслари истеъмоли бўйича меъёрларни белгилаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектларда Энергия тежамкорлик миллий дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан буён муқобил энергия қурилмаларига талаб ошишини ҳисобга олиб, уларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Халқимизни қўшимча энергия билан таъминлашнинг яна бир манбаси гидроэлектр станцияларидир. Бу қувватни ошириш учун ҳудудларда микро ва кичик гидроэлектр станцияларига мос майдонлар белгиланиб, жами 56 Мегаваттли 200 та лойиҳа ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбари улар бўйича хусусий шериклик лойиҳаларини бошлаш кераклигини таъкидлади. Бунда тадбиркорлар учун жозибадор тарифлар белгиланади ҳамда ер участкаси аукцион ғолибига узоқ муддатли ижарага берилади. Қуёш, шамол ва микроГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 10 йил давомида давлат томонидан кафолатли харид қилинади.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар ва тадбиркорлар кун тартибидаги масаланинг аҳамиятини таъкидлаб, ўз тизимидаги режаларни баён этди.