Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш бўйича қандай натижаларга эришилмоқда?

// 02 avgust 2024 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (83.22 KB)

АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзкимёсаноат» АЖ ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбеков шу ҳақида маълумот берди. Унда «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизматлари томонидан 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Брифингда айтиб ўтилганидек, мазкур тармоқда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Унга мувофиқ, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида 2023 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар самарадорлигини ягона мезон асосида баҳолаш тизими жорий этилган. 

Мазкур баҳолаш тизимига 5 та йўналишда 29 та махсус индикаторга асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг «E-Anticor.uz» электрон платформасига соҳада амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар киритилди. Натижада ушбу рейтинг тизимида иштирок этган 95 та вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар ўртасида «Ўзкимёсаноат» АЖ фаолияти 90 балл билан яхши деб баҳоланди ва 3-ўринни қайд этди. 

Шунингдек, бу борада ишларни янада самарали ташкил қилиш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналаридаги коррупцион жиноятлар, ноқонуний ўзлаштириш, растрата, ўғирлик, камомад, қўшиб ёзиш ва бошқа қонунбузилишлар бўйича жами 26 та ҳолат аниқланиб, хизмат текширувлари ўтказилди. 

– «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш низоми» талаблари асосида коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 7 минг 906 нафар ходим манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларациялар тўлдирди. Унга кўра, 32 нафар масъул ходимда реал манфаатлар тўқнашуви, 68 нафарида эҳтимолий (потенциал) ҳолат мавжудлиги аниқланди. Ўз навбатида, харидларни ташкил этиш, шартномаларни расмийлаштириш жараёнларида асосан рақобат муҳитини чеклаш, иштирокчиларнинг тил бириктиришлари каби шубҳали шартномалар расмийлаштирилишининг олди олинди. Ушбу тадбирлар туфайли жами 5,9 миллиард сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланиши олди олиниб, иқтисод қилинди, – деди Р. Эшбеков. 

Тадбирда жамият ва тизим корхоналари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида комплаенс хизмати ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан 213 та тушунтириш-профилактик тадбир амалга оширилгани таъкидланди. 

Источник: Н.Зиёдуллаева, ЎзА, 01.08.2024