Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Кимёвий воситалар ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда

// 31 oktabr 2017 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (35.69 KB)

Агрофос-Д, энтоликур, далатэ, энтолучо. Яна давом эттириш мумкин бўлган бу рўйхатда ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилувчи замонавий кимёвий воситаларнинг номлари келтирилган.

Тез орада мамлакатимиз боғбону деҳқонларига ўзимизда ишлаб чиқариладиган шу каби препаратлар таклиф этила бошланади. Зеро, илгари маҳаллий кимё саноатимизда бу каби воситалар ишлаб чиқарилмас, 2003 йилдан буён Наманган вилоятидаги “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалиги корхоналарини бундай маҳсулотлар билан хорижий компанияларнинг дистрибьютори сифатида четдан келтириб таъминлар эди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти, хусусан, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, кимё саноатини ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар ўз самарасини бермоқда.

Буни Наманган вилоятидаги “Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона томонидан "2016-2019 йилларда Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури"га киритилган лойиҳа асосида ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи заводни барпо этишга киришилди.

Лойиҳага кўра, 2016-2018 йилларда пестицидлар, яъни ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилади. Биринчи босқичда жорий йил якунигача қишлоқ хўжалиги экинларидаги занг ва бошқа касалликлар, жумладан, шира, трипс, хасва, кандала, тут парвонаси, фитономус, чигиртка, баргўрар қурт каби зараркунанда ҳашаротлар, бегона ўтларга қарши фунгицид, эмульсия концентратли маҳсулотлар, гербицид каби 18 турдаги кимёвий препарат ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Заводни қуриш учун Чуст тумани ҳудудидан ажратилган 2 гектар майдонда катта ҳажмдаги қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Маҳсулотларни қадоқлаш ва формуляция цехлари, хомашё ва тайёр маҳсулотлар сақлаш омборлари ва бошқа маъмурий хўжалик бинолари қурилиб, замонавий технологик ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Умумий қиймати 6,5 миллион доллар бўлган лойиҳанинг биринчи босқичида кўзда тутилган ишларни амалга ошириш учун жамият сармояси ва банк кредити ҳисобидан 2 миллион доллар маблағ йўналтирилиб, йилига 800-1000 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ҳамда 30 иш ўрни яратилди.

ЎзА