Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасида Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатчилигининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. XVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, ўзаро жанжал, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни ҳолдан тойдирган, имкондан фойдаланиб ўлкани забт этган Русия зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринарди. Мана шундай бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётта бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди.
Туркистонда «Усули жадид», «Усули савтия» номлари билан шуҳрат топган янги мактабни шулар ташкил қилиб, шулар биринчи бўлиб замонавий мактаб ғоясини илгари сурдилар. Улар ўз ҳисобларидан мактаблар очиб, ёш авлодни истиклолга тайёрладилар, шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар. Русия қонунлари имкон берган даражада Туркистон мусулмонларининг шаъну шавкатини ҳимоя қилдилар, инқилоб йилларида эса мустақиллик байроғини баланд кўтардилар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шу Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, бошлаб берувчиси эди. У 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида, руҳоний оиласида дунёга келган.