Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Минерал ўғитларни сотишнинг бозор механизмларини жорий этиш, кимё саноати корхоналарининг қарздорликларини реструктуризация қилиш юзасидан кўрилган чоралар уларни молиявий соғломлаштиришга ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини оширишга имкон берди.

Шу билан бирга, кимё тармоғини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг мавжуд қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш учун инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт ҳажмини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, инвестициявий жозибадорликнинг пастлиги ва тармоқни ривожлантириш учун ўз маблағларининг етарли эмаслиги хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий қилиш имконини бермаяпти, бунинг оқибатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотда минерал ўғитлар улушининг юқорилиги сақланиб қолмоқда.

Кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида жаҳон кимё саноати ривожланишининг тенденцияларини ва республиканинг муҳим хомашё салоҳиятини ҳисобга олувчи фундаментал илмий база ва замонавий лойиҳа-инжиниринг ишланмалари мавжуд эмас.

Кимё тармоғини янада диверсификация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, етакчи хорижий институтларни жалб қилган ҳолда замонавий илмий ва лойиҳа базасини яратиш, шунингдек, "Ўзкимёсаноат" АЖ корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида:

1. Республика кимё тармоғини янада ривожлантириш ва диверсификация қилишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

  • углеводород хомашёсини ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш асосида иқтисодиёт тармоқларида ва жаҳон бозорида талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли кимё маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш;
  • республиканинг минерал ўғитларга бўлган талабини қондириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва фаолият юритаётганларини модернизация қилиш;
  • кимё саноати корхоналарининг устав капиталида давлат иштирокини қисқартириш, тармоққа тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, тармоқ корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш орқали базавий маҳсулотларни қайта ишлашни чуқурлаштириш;
  • фанни ва соҳавий илмий тадқиқотларни фаол ривожлантириш, шунингдек, биринчи навбатда, углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлашга қаратилган илғор илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга интеграция қилиш;
  • лойиҳа-инжиниринг ишлари ва диагностика тадқиқотлари сифатини ошириш, кимё ва кимё технологияларининг барча йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини ташкил этиш.

2. 2018-2030 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 4,5 баробарга, шу жумладан, минерал ўғитларни - 2 баробарга (1,2 миллион тоннадан 2,4 миллион тоннагача), маҳсулотлар экспортини - 4 баробарга ошириш, шунингдек, органик кимё маҳсулотлари улушини 7 фоиздан 54 фоизгача етказиш орқали тармоқни диверсификация қилишни назарда тутувчи "Ўзкимёсаноат" АЖ фаолиятида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, базавий маҳсулотларни қайта ишлашни янада чуқурлаштириш, мавжуд активлардан оқилона фойдаланиш ва бошқаришнинг замонавий усулларини жорий қилишнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин, унга кўра:

а) қисқа муддатда (2018-2020 йилларда):

  • "Аммофос-Максам" АЖда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳисобига фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 20,0 минг тоннага ошириш (100 фоиз соф ҳолда);
  • "Навоийазот" АЖда йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол;
  • "Навоийазот" АЖда йилига 500 минг тонна азот кислотаси;
  • "Навоийазот" АЖда йилига 660 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид;
  • "Фарғонаазот" АЖда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда йилига 7,8 миллион дона замонавий полимер обойлар;
  • "Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш" инвестициявий лойиҳаси (II босқич) доирасида тоғ-кон мажмуаси лойиҳа ҳажмларида ишлаб чиқаришни ташкил қилиш;

б) кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини ишлаб чиқаришни ошириш, органик кимё, шу жумладан, полимер маҳсулотлар, синтетик толалар, резинотехника ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган ўрта ва узоқ муддатларда истиқболли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш (2030 йилгача).

Бунда мавжуд ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳамда янги қайта ишлаш қувватларини яратишга қаратилган, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 4,8 миллиард АҚШ долларига тенг 29 та инвестициявий лойиҳалар асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

3. Инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида "Ўзкимёсаноат" АЖ қуйидагиларни таъминласин:

  • "Фарғонаазот" АЖ ва "Қўқон суперфосфат заводи" АЖни хорижий инвесторларга сотиш мақсадида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, кенгайтириш ва диверсификация қилиш бўйича 2018 йил 30 декабрга қадар ушбу жамиятларнинг активларини мустақил баҳолашни якунлаш;
  • Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун, кейинчалик "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда комплекс экспертиза қилиш шарти билан, кимё соҳасида тажрибага эга хорижий компания билан истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида шартнома тузиш;
  • Навоий вилоятида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш комплексини қуриш бўйича 2019 йил август ойига қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий ташкилот томонидан фосфорли хомашё майдонини баҳолаш (экспертизадан ўтказиш) асосида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш концепциясини ишлаб чиқиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ва "Ўзкимёсаноат" АЖ билан биргаликда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш натижаларига кўра, "Йўл харитаси"да кўрсатилган истиқболли инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгиласин.

Бунда кимё соҳасида ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, янги қайта ишлаш қувватларини яратишга қаратилган янги инвестициявий лойиҳалар асосан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши белгилансин.

5. Халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда тармоқ корхоналарининг инвестициявий жозибадорлигини ва минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда энергия тежамкорликни ошириш бўйича ишлар амалга оширилаётгани маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 15 апрелига қадар халқаро консалтинг компанияларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, кимё саноати тизимини ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича таклиф киритсин.

6. Қуйидагилар:

  • Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Ариповга - "Йўл харитаси"да белгиланган тадбирлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини қатъий назорат қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султоновга - кимё тармоғи объектларини ўз вақтида ишга тушириш ҳамда "Йўл харитаси"да белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича вазирликлар ва идораларнинг ишларини мувофиқлаштириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродовга - халқаро молия институтлари ва ташкилотлари маблағларини жалб этиш ҳамда салоҳиятли инвесторларни топиш ва кимё тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
  • "Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси А.А. Абдуллаевга - жалб этиладиган маблағларни ўз вақтида ўзлаштириш ҳамда инвестициявий лойиҳалар доирасида объектлар қурилишининг якунланишини таъминлаш ва уларнинг қатъий белгиланган муддатларда лойиҳа қувватларига чиқиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзкимёсаноат" АЖнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

  • "Самарқандкимё" АЖ, "Электркимёзавод" ҚК АЖ ва "Жиззах пластмасса" АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши ва "Ўзкимёсаноат" АЖ улушини, шунингдек, "Фарғонаазот" АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини, шу жумладан, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан, хусусий инвесторларга бозор қийматида сотиш;
  • "Ўзкимёсаноатлойиҳа" АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини номинал қийматда ва "Навоий КМК" ДКнинг Қизилқум фосфорит комбинати мулк комплексини қолдиқ баланс қийматида "Ўзкимёсаноат" АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш;
  • "Фарғонаазот" АЖнинг 3-сон саноат майдончасидаги умумий майдони 6,5 гектар бўлган фойдаланилмаётган объектларни (цехлар, объектлар ва уларга туташ ҳудудлари билан) инвестиция мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан "ноль" қийматида сотиш;
  • инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан капролактам ишлаб чиқариш чиқиндиларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун беғараз топшириш юзасидан патентланган технологияга эга бўлган "ECO TECH GROUP" ҚК МЧЖ билан инвестиция келишувини тузиш;
  • 2020 йилдан бошлаб "Ўзкимёсаноат" АЖ таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари томонидан йиллик молиявий ҳисоботларни эълон қилиш ва уларни Халқаро аудит стандартлари ва Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларига мувофиқлиги юзасидан ташқи аудитдан ўтказиш тартибини жорий этиш;
  • 2021 йилга қадар халқаро тажрибага асосланиб инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини, моддий ва молиявий ресурсларни бошқариш бўйича ахборот тизимларини, самарадорликни ошириш кўрсаткичларини қўллаган ҳолда ходимлар меҳнатини рағбатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ва қайта молияловчи тижорат банкларига кимё саноатида янги инвестициявий лойиҳаларни тайёрлаш мақсадида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тадқиқот ишларини амалга ошириш учун "Ўзкимёсаноат" АЖ ва унинг таркибига кирувчи хўжалик жамиятларига кредитлар ажратишга рухсат берилсин.

Белгилансинки:

  • янги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш учун кредитлар Жамғарма томонидан шартномада белгиланган, бироқ 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади;
  • хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда молиялаштириладиган янги инвестициявий лойиҳаларни тайёрлаш учун Жамғарма томонидан ажратиладиган кредит миқдори 10 миллион АҚШ доллари эквивалентигача кўпайтирилиши мумкин;
  • Жамғарма маблағларини ажратишга тармоқ илмий-техника кенгаши билан келишилган техник вазифа, "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда экспертизадан ўтказилган лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш ва тадқиқот ишларини бажариш бўйича тузилган шартнома асос бўлади;
  • ушбу бандга асосан Жамғарма кредитларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
  • Жамғарма кредитлари хизмат кўрсатувчи банклар орқали қайта молиялаштирилади ва қайта молияловчи банкнинг йиллик 0,25 фоиз миқдоридаги маржаси қўшилган ҳолда, лойиҳани ишга тушириш даврига қадар, жумладан, 3 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, умумий йиллик фоиз ставкаси 2,25 фоиз миқдорида 5 йил муддатга ажратилади;
  • кредитлар ва улар бўйича барча харажатлар техник-иқтисодий асос тасдиқланиши жараёнида лойиҳалар қийматига киритилади ва уларнинг қайтарилиши лойиҳалар амалга оширилганидан кейин, объектлар ишга туширилганидан сўнг олинган даромадлар ва лойиҳа ҳужжатларини инвесторларга сотишдан тушган Жамғарма маблағлари ҳамда қарз олувчининг умумхўжалик фаолиятидан олинган даромадлар ёки "Ўзкимёсаноат" АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

9. "Ўзкимёсаноат" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлигининг Корея кимё- технологиялари илмий-тадқиқот институти (KRICT) билан ҳамкорликда "Тошкент кимё технологиялари илмий-тадқиқот институти" МЧЖ ва "Ўзкимёсаноатлойиҳа" АЖ негизида - Илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти - Кимё технологиялари маркази (кейинги ўринларда - Марказ)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, "Ўзкимёсаноат" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Марказ фаолиятини ташкил қилиш учун EDCF (Корея Республикаси) линияси бўйича Эксимбанкнинг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит ва грант маблағларини жалб этишни таъминласин.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Ўзкимёсаноат" АЖ ва унинг таркибига кирувчи хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улуши бўйича 2019-2021 йиллар якунларига кўра ҳисобланадиган дивидендлар инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб этилган кредит ва қарзларни тўлашга йўналтириш шарти билан капитализация қилинсин (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган 30 фоиз миқдоридаги дивидендлар бундан мустасно).

11. Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Жамғарма, тижорат банклари ва "Ўзкимёсаноат" АЖнинг "Ўзкимёсаноат" АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарнинг Жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг кредитлари бўйича мажбуриятларини 2-иловага мувофиқ реструктуризация қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Ўзкимёсаноат" АЖ корхоналарининг мажбуриятлари бўйича олдин берилган давлат кафолатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. "Ўзкимёсаноат" АЖ бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.С. Султонов зиммасига юклансин.

Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Қарорнинг тўлиқ матни