"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг расмий баёноти

// 23 avgust 2020 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/speeches/dkz-bayonot

Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида ташкилот тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти фаолияти юзасидан хабар эълон қилди ва бу хабар бошқа ахборот ресурсларида ҳам тарқатилди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг “Деҳқонобод калий заводи” АЖда Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва қонуности ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган текшириш натижаларига мувофиқ, компенсация тўловлари ҳисобланди.

Бироқ бу компенсация тўловларига асос сифатида кўрсатилган вазият корхона фаолияти билан боғлиқ бўлмаган табиий жараён ҳисобланади. Яъни 2018 йил август ойида корхона томонидан юритилаётган Тюбегатан туз кони ташқарисида бўшлиқлар (карстообразование) ҳосил бўлиши натижасида ер ости кон участкасида сизот сувлари пайдо бўлган.

Ушбу ҳолатни бартараф қилиш мақсадида ер ости сизот сувлари Тюбегатан участкасининг Туяшсой сойиига чиқарилмоқда. Сизот сувлари 800-900 метрдан кейин Шўрдарёга бориб қўшилади. Ер остидан чиқаётган сизот сувларининг минерализацияси, яъни қаттиқлиги, водород кўрсаткичи, ишқорийлиги, эркин ишқорийлиги Шўрдарё суви билан таркибий жиҳатдан деярли бир хил эканлиги эса атроф-муҳит ва ҳудуд экологиясига ҳеч қандай зарар кўрсатмаслигидан далолат беради.

Энг асосийси ушбу сув корхона ишлаб чиқариш жараёнида ажралиб чиқаётган саноат чиқиндиси эмаслигини, балки ер ости табиий сизот сувлари эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Сизот сувлари эса корхона фаолиятида фойдаланилмайди. Аксинча, корхона ресурслари ёрдамида йиллар давомида ушбу сизот сувлари ажралишини бартараф этиш учун молиявий ҳаражатлар ажратилиб келинмоқда ва табиий офатларни олдини олишга қаратилган барча ташкилий ишлар алоқадор вазирлик ва ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида тузилган махсус Ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлар тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 199-сонли ҳамда 2018 йил 11 октябрдаги “Табиатни муҳофаза қилишни таьминлашнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 820-сонли қарорларига асосан, корхона томонидан табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун доимий равишда компенсацияларни ўз вақтида тўлаб келмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда ер устида (сой яқинида) бурғиланган қудуқларнинг биридан сув манбаси топилиб, у ердан насослар орқали сув олиб чиқилмоқда. Бунинг натижасида эса кондаги сизот сувлар чиқиши кескин камайди ҳамда уларни батамом бартараф этиш учун ишлар давом эттирлимоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмат