"Ўзкимёсаноат" АЖ

Жаҳон қайта ишланган истеъмол пластмасса бозори 2033-йилга бориб икки баравар ўсади

// 06 avgust 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/zhahon-qayta-ishlangan-istemol-plastmassa-bozori-2033-yilga-

2025-йилда жаҳон қайта ишланган истеъмол пластмасса (Post-Consumer Recycled) бозори ҳажми 13,2 млрд АҚШ долларига етди.Grand View Research прогнозига кўра, 2026–2033-йиллар давомида бозор ҳажми 14,8 млрд доллардан 30 млрд долларгача ошади.

Бу даврда ўртача йиллик ўсиш суръати 10,6 фоизни ташкил этади.
 
Бозорнинг ўсиши озиқ-овқат, ичимликлар ва қадоқлаш саноатида фаолият юритаётган компаниялар томонидан барқарор ривожланиш тамойилларининг кенг жорий этилиши ҳамда қайта ишланган пластмасса материалларидан фойдаланиш ҳажмининг ортиши билан изоҳланади. Агентлик маълумотларига кўра, энг йирик бозор Осиё–Тинч океани минтақаси бўлиб, умумий даромаднинг 45,1 фоизи айнан ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Энг тез ривожланаётган бозор эса Шимолий Америка ҳисобланади.

Материал турлари бўйича полистирол сегменти энг юқори ўсиш суръатларини намоён этиши кутилмоқда. Мазкур сегментнинг йиллик ўсиши ўртача 5 фоизни ташкил этади.

ПCР-пластик (Post-Consumer Recycled) — истеъмолчилар томонидан фойдаланиб бўлинган чиқиндилар (масалан, пластик бутилкалар ва қадоқлаш материаллари)ни қайта ишлаш орқали олинадиган иккиламчи полимердир. У янги қадоқлаш маҳсулотлари ҳамда кенг истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда қўлланилади.
 
ПР тадқиқотига кўра, жаҳон биологик парчаланадиган пластмассалар бозори 2025-йилда 5,4 млрд АҚШ долларига баҳоланмоқда. 2034-йилга бориб ушбу кўрсаткич 19,4 млрд долларга етиши, бозор эса йилига ўртача 15,3 фоиз суръатда ўсиши прогноз қилинмоқда.