Маълумки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанбаси “Ёшлар куни” сифатида белгиланган.
Шу муносабат билан, бугун “Ўзкимёсаноат” АЖ масъуллари Жамият бошқарув раисига бириктирилган Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани “Пахтачи” МФЙда истиқомат қиладиган 21 нафар ёш билан учрашди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммадбобур Абдуразаков бевосита хонадонларга ташриф буюриб, ёшларнинг муаммолари, таклиф ва ташаббусларини ўрганди, мулоқотлар ўтказди. Ҳар бир ёшнинг мурожаати тингланиб, уларнинг ҳаётий эҳтиёжлари ва келгусидаги режаларини қўллаб-қувватлаш, уларни ишсизлик тоифасидан чиқариш бўйича “Пахтачи” МФЙ ёшлар етакчиси билан таклифлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга яқинлашаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамини муносиб нишонлаш мақсадида ёшлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш ва ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.