"Ўзкимёсаноат" АЖ

Швейцарияда бўлиб ўтган нуфузли Халқаро кимё олимпиадасида Ўзбекистонлик ўқувчилар медалларини қўлга киритишди

// 26 iyul 2023 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/xalqaro-kimyo-olimpiadasi-medallari

Жорий йилнинг 16-24 июль кунлари Швейцарияда бўлиб ўтган нуфузли Халқаро кимё олимпиадасида Ўзбекистонлик ўқувчилар 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган эди.

Бугун тонгда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан ташкил қилинган тадбирда ўқувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари, улар таълим оладиган мактаблар вакиллари ҳамда устозлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, 90 га яқин давлатдан 350 нафарга яқин ўқувчи иштирок этган олимпиадада Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азизбек Назаров ҳамда Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудов олтин медаль, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Ҳакимова кумуш медаль ҳамда Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Соҳибжон Дилмуродов бронза медалларини қўлга киритди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олтин медаль олган ўқувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (165 млн сўм), устози 450 баравари (148,5 млн сўм) миқдорида, кумуш медаль учун ўқувчи 300 баравар (99 млн сўм), устози 250 баравар (82,5 млн сўм) ҳамда бронза медаль учун ўқувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (66 млн сўм), устози 150 баравар (49,5 млн сўм) пул мукофотлари билан тақдирланади.

Шу билан бирга, Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга имтиёз билан грант асосида ўқишга қабул қилинади.