"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Ўзкимёимпэкс” МЧЖ ходимлари ISO 31000:2018 стандарти бўйича малака оширишди

// 18 iyul 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-va-uzkimyoimpeks-mchzh-hodimlari-iso-31000

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва “Узкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамиятининг 22 нафар ходими ISO 31000:2018 – “Хавфларни бошқариш” халқаро стандартини тизимга жорий этиш бўйича халқаро “Cert International” Академияси мутахассислари томонидан онлайн форматда ўқитилди.

Мазкур малака ошириш дастури ходимларни хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва самарали бошқариш кўникмалари билан таъминлашга қаратилган бўлиб, бу орқали ташкилотларда хавфларни бошқариш тизими жорий этилишига замин яратди.

ISO 31000:2018 стандартини амалиётга татбиқ этиш орқали ташкилотлар хавф-хатарларни тизимли равишда бошқариш имкониятига эга бўлади. Бу эса ташкилотнинг самарадорлиги, барқарорлиги ва белгилаб олинган мақсадларга эришиш қобилиятини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур стандарт қарор қабул қилиш жараёнларини яхшилаш, тизимнинг барча даражасида хавфлар ҳақида хабардорликни ошириш, ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятини ҳам яратади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Ўзкимёимпэкс” МЧЖ бу каби халқаро стандартларни жорий этиш орқали ички бошқарув механизмларини мустаҳкамлаш, корпоратив маданиятни ривожлантириш ҳамда жаҳон талабларига мос фаолият юритишни мақсад қилган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати