"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Ўзавтосаноат” АЖ ўртасида автомобил саноати учун импорт кимёвий маҳсулотларни маҳаллийлаштириш юзасидан музокаралар бўлиб ўтди

// 18 iyul 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-va-uzavtosanoat-azh-urtasida-avtomobil-san

Жорий йилнинг 17-июл куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш ва импортни мақбуллаштиришга қаратилган устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, “Ўзавтосаноат” АЖ қошидаги “Cooperation Lab” — тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш марказида учрашув ўтказилди.

Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров, “Ўзавтосаноат” АЖ раиси ўринбосари Баҳодиржон Раҳмонов, шунингдек, ҳар икки тармоққа мансуб корхоналарнинг тегишли раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.Мулоқот давомида импорт кимёвий маҳсулотларни таҳлил қилиш ва маҳаллийлаштириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Учрашув аввалида “Ўзавтосаноат” АЖ қошидаги “Cooperation Lab”да автомобил саноатида ишлатиладиган асосий импорт кимёвий маҳсулотлар ҳақида тақдимот ўтказилди. Тақдимотда ушбу маҳсулотларнинг йиллик импорт ҳажми, қайси автомобилсозлик корхоналарида, қандай технологик мақсадлар учун ишлатилиши каби масалалар юзасидан аниқ маълумотлар берилди.

Музокара давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ушбу маҳсулотлар таркиби ва уларни ишлаб чиқариш имкониятлари чуқур таҳлил қилинди ҳамда 2025–2027-йиллар учун инновация, диверсификация ва 2026–2030-йиллар учун инвестиция лойиҳалари асосида маҳаллийлаштириш имкониятлари шакллантирилди.Илк таҳлиллар натижасида қатор йўналишлар бўйича лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди. 

Умумий қиймати 234,4 минг долларлик 2 та инновацион лойиҳа, умумий қиймати 5,6 млн долларлик 5 та инвестицион лойиҳа ҳамда умумий қиймати 10,75 млн долларлик 7 та диверсификация лойиҳаси шулар жумласидандир.  

Учрашув давомида дастлабки маълумотлар ва ҳисоб-китобларга асосан, 2030-йилгача 14 та лойиҳа орқали автомобил саноатидаги импорт ҳажмини 69 млн долларгача қисқартириш имконияти мавжудлиги таъкидлаб ўтилди. Учрашув якунида ҳар икки тармоқ вакиллари кимёвий маҳсулотларни маҳаллийлаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар.

Шу билан бирга, белгиланган йўналишларда илмий-техникавий ҳамкорлик, тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

 “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати