“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва “Сунъий интеллект алянси” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этишга қаратилган ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Мазкур ҳамкорлик рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, инновацион технологияларни иқтисодиётнинг реал секторига кенг татбиқ этиш ҳамда давлат, бизнес, илмий-таълим муассасалари ва экспертлар ҳамжамияти ўртасида самарали ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳамкорлик доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Сунъий интеллект алянси” сунъий интеллект соҳасида инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, турли таълим дастурлари, амалий тренинглар ва мастер-классларни ташкил этиш ва уларда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу эса соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий рақамли ечимлар билан ишлаш салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига жорий этиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, илгари суриш ва қўллаб-қувватлаш йўналишларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларни иқтисодиётнинг реал секторига татбиқ этиш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Томонлар ушбу ҳамкорлик сунъий интеллект соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш, рақобатбардош инновацион ечимларни шакллантириш ҳамда саноат тармоқларининг самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирдилар.