
Бугун “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров ва “Sinoma Energy Conservation” – Хитой Халқ Республикасининг йирик саноат-инжиниринг компанияси бошқаруви раиси Мен Синлин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилдилар.
Таъкидлаш жоиз, “Sinoma Energy Conservation” компанияси дунёдаги йирик қайта тикланувчи энергия ҳамда атроф - муҳитни муҳофаза қилиш компанияларидан бири бўлиб, Ўзбекистонда ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Айни пайтда мазкур компания билан ҳамкорликда Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган 300 МВт қувватли қуёш стансияси ўз фаолиятини бошлади.
Шунингдек, кимё саноати корхоналарида эски насос станцияларини замонавий, юқори энергия самарадорлигига эга янги насос агрегатлари билан босқичма-босқич алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилда “Навоийазот” АЖда насос агрегатларини ўрнатишни биринчи босқич лойиҳаси доирасида жорий йил охирига қадар 6 та насосни тўлиқ алмаштириш ва натижада 11 млн. кВт электр энергия тежаш режалаштирилган.
Мулоқот чоғида “Максам-Чирчиқ” АЖда энергиятежамкор янги технологияларни жорий этиш ҳамда “Навоийазот” АЖда аммиакли селитра ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва янги экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Sinoma Energy Conservation” ўртасида энергия самрадорликни таъминлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, кимё саноатига замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган 4 та келишув имзоланди.