Бугун «Ўзкимёсаноат» АЖда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибаева, жамият раҳбарияти ҳамда хотин-қизлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда тизим корхоналарида фаолият юритаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тизимда гендер тенгликни таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жамият бошқарув раиси ўринбосари Акбар Курбанов 10 мингга яқин аёл ишчи-ходимларнинг тизимда тутган ўрнини алоҳида таъкидлаб, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аёллар учун аҳамияти, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кўрсаткичларини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалий натижаларни қайд этди.
Шу ўринда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибаева «Ўзкимёсаноат» АЖда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни эътироф этди.
Учрашув сўнггида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумда назарда тутилган ҳамкорлик йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
•«Ўзбекистон - 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларнинг тегишли бандларини нафақат Тошкент вилоятида, балки бутун республикамизда сифатли ва ўз вақтида бажарилишини сўзсиз ва сифатли таъминлаш;
•«Ўзкимёсаноат» АЖдаги хотин-қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, уларни «Раҳбар аёллар» олий мактабига тавсия қилиш орқали соҳада раҳбар аёллар улушини ошириш.
•Кимё саноати йўналишида юқори ютуқларга эришган энг фаол хотин-қизларнинг Биринчи миллий форумини ташкил этиш:
•Тошкент вилоятидаги «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган 1000 нафар хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш ва маданий дам олишларини таъминлаш;
• Касаначиликни ривожлантириш доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари ходимларининг оила аъзоларини пиллачилик ва ипакчилик йўналишларида қўшимча иш билан таъминлаш ва тармоқ ходимлари оилаларининг даромадини янада ошириш;
• Акциядорлик жамиятидаги оилалар ва хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;
•Меҳнат жамоасидаги ходимлар, бириктирилган ҳудуддаги оилаларнинг маънавий-ахлоқий ҳолатини ўрганиш ва яхшилаш, муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш борасида сайёр қабуллар ташкил этиш;
•«Ўзкимёсаноат» жамиятида фаолият юритаётган хотин-қизларни Зулфия номидаги давлат мукофоти, «Мўътабар аёл», «Ибратли оила» кўкрак нишонига тавсия этиб бориш каби бандларни ҳамкорликда амалга ошириш.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати