"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва NEXTCHEM Ўзбекистонда углеродни ушлаш ва сақлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди

// 28 oktabr 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-va-nextchem-uzbekistonda-uglerodni-ushlash

2025-йил 23-октябр куни Белгиянинг Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Европада Ўзбекистон иқтисодиёти кунлари” бизнес-форуми доирасидаги расмий ташрифи чоғида NEXTCHEM компанияси (MAIRE Group таркибига кирувчи шўба корхона) ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ўртасида Ўзбекистонда углеродни ушлаш ва сақлаш (CCS) технологиясини жорий этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур битим Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган декарбонизация ва яшил энергетика сиёсатини амалга оширишга ҳисса қўшиш, саноат тармоқларида чиқиндиларни камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Ҳамкорлик доирасида томонлар NEXTCHEMнинг илғор Nx decarb™ технологияси асосида Ўзбекистонда углеродни тортиб олиш ва сақлаш бўйича техник-иқтисодий асос (TIA) тайёрлаш учун қўшма ишчи гуруҳ тузадилар. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг кимё саноатида барқарор ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда глобал экологик стандартларга мос инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва NEXTCHEM ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Ўзбекистон саноатининг энергия самарадорлигини ошириш, атмосферага чиқаётган иссиқхона газларини камайтириш ҳамда мамлакатни барқарор ривожланиш йўлига ўтказиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда. Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт” консепсиясини амалда қўллаш, илғор технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати