"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамкорлиги кенгайтирилмоқда

// 29 Sentabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-va-ilmiy-tadqiqot-tashkilotlari-hamkorligi

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш ва илм-фан ютуқларини саноат тармоғига кенг жорий этиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Мазкур режа доирасида Тошкент кимё-технология институти, Умумий ва ноорганик кимё институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти ҳамда Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Хусусан, тармоқда қабул қилинган дастур ва стратегиялар, истиқболли инвестиция лойиҳалари, маҳсулотларнинг қўшилган қийматини ошириш, глобал бозордаги тенденсияларни ўрганиш, энергия самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, қўшни ва истиқболли бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Шунингдек, янги бозорларга кириш талаблари ва мавжуд савдо тўсиқларини ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда “Ўзкимёсаноат” АЖ Инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш бўлими вакиллари Тошкент кимё-технология институтида бўлиб, чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни шакллантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда саноат корхоналарининг амалий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий-тадқиқот ишларини йўналтириш, инновацион ишланмаларни  ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.