Бугун «Ўзкимёсаноат» АЖда Хитойнинг «China Tianchen Engineering Corporation Ltd.» (TCC) компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув якунида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат кимё саноати соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганиш ҳамда ишлаб чиқаришга замонавий технологик ечимларни жалб этишга қаратилган.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида кўмирни чуқур қайта ишлаш асосида аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш белгиланган.
Меморандум доирасида томонлар лойиҳани амалга оширишнинг техник ва иқтисодий жиҳатларини ўрганиш, кўмир хомашёси базасини баҳолаш, мақбул технологик ечимлар ва ишлаб чиқариш қувватларини аниқлаш, шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг эҳтимолий механизмларини кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Ушбу ҳамкорлик кимё саноатида хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
«China Tianchen Engineering Corporation Ltd.» (TCC) — Хитойнинг кимё, нефт-кимё ва турдош саноат тармоқларидаги йирик саноат объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва амалга оширишга ихтисослашган етакчи муҳандислик компанияларидан бири.
1953 йилда ташкил этилган компаниянинг бош қароргоҳи Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида жойлашган. TCC «China National Chemical Engineering Group Corporation» (CNCEC) таркибига киради.