Пойтахтимизда “Маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш” мавзусидаги "Uzbek Import Fair 2025" I-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
7-9 октябр кунлари бўлиб ўтадиган кўргазмада Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш имконияти юқори бўлган, аммо энг кўп импорт қилинаётган 3 минг турдаги товарлар намойишга қўйилган.
Хусусан, “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари томонидан ҳам 30дан ортиқ импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳамда доимий импорт қилинаётган материаллар ва бутловчи қисмлар ўзлаштириш учун намойиш қилинмоқда. Кимё саноати маҳсулотлари, парфюмерия, косметика ва шахсий гигиена воситалари, шунингдек, маҳаллийлаштириш дастури ва саноат кооперация алоқалари доирасида импортни оптималлаштириш борасида олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисидаги тақдимот материаллари тақдим қилинмоқда.
Шу билан бирга, республикада жойлашган тадбиркорлик субъектларининг талаб юқори бўлган қиймати 280 млн доллардан зиёд 26 турдаги кимёвий маҳсулотлари ҳам кўргазмадан ўрин олган.
Таъкидлаш жоиз, ички бозорда импорт товарларига нисбатан реал эҳтиёж ҳажми билан танишиш орқали маҳаллий тадбиркорлар ўз бизнесларини янада кенгайтириш имконига эга бўлишади.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати