"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари куз-қиш мавсумига тайёр

// 09 Oktabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-tarmoq-korhonalari-kuz-qish-mavsumiga-tayy

Куз-қиш мавсумида саноат корхоналарининг барқарор ишлаши, аввало, энергетика ва муҳандислик инфратузилмасининг мавсумий шароитларга тайёрлигига боғлиқ. Айниқса, кимё саноатида технологик жараёнларни узлуксиз сақлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш қувватларининг барқарор фаолиятини таъминлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шу мақсадда «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарининг 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича комплекс тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Тайёргарлик жараёни махсус ташкил этилган «Ўзкимёсаноат» АЖ Марказий комиссияси томонидан мувофиқлаштирилди. Тизим корхоналарида мавсумга тайёргарлик бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси босқичма-босқич назорат қилинди.

Асосий эътибор ишлаб чиқариш жараёни учун муҳим бўлган муҳандислик-коммуникация тармоқлари, энергетика ва иссиқлик таъминоти объектлари, технологик инфратузилма ҳамда бино-иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилашга қаратилди.

Хусусан, 3,4 км иссиқлик тармоғи, 33,8 км электр тармоғи, 0,9 км сув тармоғи ва 0,8 км газ тармоғида таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, энергетика тизимининг ишончлилигини таъминлаш мақсадида 58 та трансформатор подстанцияси, 34 та буғ қозони ва 29 та газ тақсимловчи пункт техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Куз-қиш мавсумида иссиқлик ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия йўқотишларини камайтириш мақсадида 4 229,5 м² иссиқлик тармоқларида иссиқлик изоляцияси ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, 48 824 м² биноларнинг том қисмлари ва 3 957 м² дераза ойналари таъмирланди ҳамда янгиланди.

Ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлиги нафақат энергетика, балки транспорт-логистика инфратузилмасининг мавсумга шайлигига ҳам бевосита боғлиқ. Шу сабабли корхоналарнинг темир йўл тармоқларида ҳам зарур техник тайёргарлик ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 9 612,7 погон метр темир йўл тармоғида тегишли ишлар бажарилди.Тайёргарлик жараёнида ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада тизим корхоналари бўйича режалаштирилган 439 та чора-тадбирнинг барчаси тўлиқ бажарилди.

Бу ишлар «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги корхоналарнинг қишки мавсумда энергетика ресурслари билан барқарор таъминланиши, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ишончли ишлаши ва технологик жараёнларни узлуксиз ташкил этиш учун зарур шароит яратди.

Энг муҳими, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш орқали кимё корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, энергия ресурсларини тежаш ҳамда эҳтимолий мавсумий хатарларнинг олдини олишга замин яратилди.