"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти томонидан сайёр қабул ўтказилди

// 27 noyabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-rahbariyati-tomonidan-sayyor-qabul-utkazil

 
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан фуқаролар мурожаатларини жойида ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.



Сайёр қабулларнинг навбатдагиси Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида бўлиб ўтди. Тасдиқланган жадвалга мувофиқ, қабулни Жамият бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Е.Коржиков ўтказди.



Унда ҳудуд аҳолиси ва олий таълим муассасаси талабалари иштирок этди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашув давомида иштирокчиларнинг мурожаатлари, таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Кўтарилган ҳар бир масала атрофлича кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.



Қабул жараёнида кимё саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, талабаларнинг хорижий давлатларда малака оширишини ташкил этиш, тармоқ корхоналарида ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, корхоналарда юзага келаётган технологик ва ишлаб чиқариш масалаларига университетнинг илмий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ечим топиш бўйича таклифлар билдирилди.



“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан сайёр қабулларнинг мунтазам ташкил этилиши фуқаролар билан бевосита мулоқотни мустаҳкамлаш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни жойида ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўришга қаратилган.