"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ да «Очиқ эшиклар куни»

// 05 dekabr 2023 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-da-ochiq-eshiklar-kuni

Бугун Ўзкимёсаноат акциядорлик жамиятида «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни» муносабати билан «Очиқ эшиклар куни» тадбири бўлиб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган тадбирда Жамият бошқарув ходимлари, Агентлик масъул ходими ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни «Ўзкимёсаноат» АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари Акобир Тўхтаев кириш сўзи билан очиб, ўтган давр мобайнида ташкилотда коррупцияга қарши курашишга оид қилинган ишлар, превентив чораларни қўллаш ва ходимларларнинг соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан эришилган ижобий натижалар, коррупцияга қарши курашиш ишларини самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимида «Ўзкимёсаноат» АЖ 89 балл билан «яхши» дея эътироф этилгани ҳақида алоҳида тўхталди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ойбек Абдуғаниев сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари, Агентлик билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар натижалари ҳамда ташкилотда коррупциянинг олдини олиш ва очиқлигини таъминлаш борасидаги олиб борилаётган ижобий ишларни эътироф этди.

Шунингдек, тадбир давомида Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси томонидан комплаенс назорат фаолиятининг эришилган ижобий натижалари ҳамда Матбуот хизмати томонидан ташкилот фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан қилинган тақдимотлар орқали иштирокчиларга атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбир сўнггида меҳмонларга «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида суратга олинган «Менинг қаҳрамоним» номли қисқа метражли фильм намойиш этилди.